Бировнинг ҳамёнига кўз олайтириш, мол-мулкини, буюмларини талон-торож қилиш оғир жиноятлардан биридир. Афсуски, орамизда киссавурликни ўзига одат қилганлар бор.
Қўқон шаҳрилик Даврон Мансуров эндигина 23 ёшга кирган бўлсада, муқаддам икки бор жиноий қилмиши учун судланган. Уйланиб, бир фарзанднинг отаси бўлиб ҳам жиноят кўчасидан чиқа олмади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, киссавурлик билан тирикчиликни ўтказиш пайида бўлди.
Қўқон шаҳрида бозорлар, одамлар гавжум жойлар кўплаб топилади. У турли режаларни тузиб, кўчага чиқди. “Ризқ барака” савдо мажмуасига келиб, одамлар тирбандлигидан фойдаланиб, бозорга савдо қилиш учун келган Шаҳноза Ҳазратқулованинг қўл сумкасидан 1 дона нархи 1 миллион сўмлик “Redmi-7” русумли телефон аппаратини ўмаради. Қараса, бу яхшигина даромад экан. Даврон бу орада кўплаб бозорга келган одамларни ҳамёнини шип-шийдон қилди. У асосан уяли телефонларни билдирмасдан олиб қўярди. “Истиқлол”, “Буюк Ипак йўли” каби савдо мажмуаларида бир неча ҳолатда бу ерга келган фуқароларнинг сумкаларидан уяли телефонларни ўғирлаган.
Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Киссавурнинг қилмишлари ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фош этилди. У 2020 йил 8 ноябрь куни соат 11:30 ларда Қўқон шаҳар “Буюк ипак йўли” савдо мажмуасида навбатдаги “овга” чиқади. Одамлар гавжум бўлган жойда савдо қилиш учун келган Ш.Раҳимованинг чўнтагидан қўл телефонини яширин равишда олади. Воқеа жойидан қочиб яширинмоқчи бўлган вақтида ушланади.
Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида киссавурлик йўли билан ўғирланган уяли телефонлар далилий ашё сифатида олиниб, жабрланувчиларга қайтарилди. Мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Д. Мансуров Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аброржон Омонов,
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди судьяси
ЎзА