Қонунчиликдаги ўзгаришлар моҳияти тушунтирилди
Самарқанд вилоят судида шу йил 11 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш ва уни амалиётда қўллашга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
Суриштирув ва тергов органлари билан ҳамкорликда видео-конференс-алоқа шаклида ташкил этилган тадбирда судьялар, вилоят прокуратурасининг тегишли тармоқ раҳбарлари, ички ишлар бошқармаси, давлат хавфсизлик хизмати ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаларининг терговга масъул мутасаддилари, терговчи ва суриштирувчилар қатнашди.

Самарқанд вилояти прокуратураси бўлими бошлиғи Т.Каримқулов мазкур қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида боб киритилганлиги, ноқонуний нарколаборатория ташкил қилиш, бангихона сақлаш, хизмат ваколатидан фойдаланиб наркотиклар ноқонуний айланмасига кўмаклашиш каби қилмишлар учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида сўз юритди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси Ж.Ибрагимов, тергов судьялари А.Тўйчиев ва А.Алимов ўз маърузаларида тергов органлари томонидан жиноят ишлари бўйича “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш, судга тақдим қилинган “қамоққа олиш”га рухсат бериш ҳақидаги илтимосномаларни асослилиги, судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материаллар, жиноят ишлари кўришда амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга эътибор қаратдилар.


Ўқув семинарида тергов сифатини янада яхшилаш, жиноят-процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши, терговчилар билим ва кўникмасини мунтазам ошириб бориш юзасидан тавсиялар берилди. Семинар иштирокчилари тергов ва суд амалиётида қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири