Қўнғиротда 1,5 ГВт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда
Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, янги электр ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва “яшил” энергетика улушини ошириш муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда.
Бу борада шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш билан бир қаторда, энергияни сақлаш ҳамда уни ягона электр тармоғига узатиш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Шу йўналишда Қорақалпоғистонда ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудга ташрифи доирасида 18 сентябрь куни Саудия Арабистонининг “Acwa” компанияси томонидан амалга оширилаётган 1,5 ГВт қувватли Қўнғирот шамол электр станциясини қуриш ишларига старт берилган. Лойиҳанинг қиймати 2,6 миллиард долларни ташкил этади.
Лойиҳа доирасида қарийб 1,5 минг километр юқори кучланишли электр узатиш линиялари қурилади. Шунингдек, 500 кВ кучланишдаги учта подстанция барпо этилиб, яна иккитаси модернизация қилинади. Станция таркибида 300 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Қўнғирот шамол электр станцияси МДҲдаги энг йирик шамол энергетикаси лойиҳасига айланиши кўзда тутилган.
“Acwa” компаниясининг Қорақалпоғистонда амалга ошираётган, қурилаётган ва режалаштирилаётган лойиҳалари умумий ҳисобда қарийб 2,3 ГВт қувватни қамраб олади. Уларга тахминан 4 миллиард доллар инвестиция йўналтирилган. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, йилига қарийб 8,77 миллиард кВт·соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилиши, 2,1 миллиард куб метрга яқин табиий газ тежалиши ва қарийб 5 миллион тонна CO₂ чиқиндисининг олди олиниши кутилмоқда.
–Қорақалпоғистон “Acwa” компаниясининг Ўзбекистондаги энг муҳим инвестиция йўналишларидан бирига айланмоқда. Ишлаб чиқилаётган барча лойиҳалар фойдаланишга топширилгач, компаниянинг Қорақалпоғистондаги портфели икки баробардан кўпроққа ошади.
“Қўнғирот ШЭС” қурилишининг энг юқори босқичида қарийб 4 000 та иш ўрнини яратади, маҳаллийлаштириш ҳажми эса тахминан 750 миллион долларни ташкил этади. Бу маҳаллий мутахассислар, компаниялар ва етказиб берувчилар учун қўшимча имкониятлар яратади. Компания энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлашга ҳам сармоя киритмоқда. Ҳозирда Қорақалпоғистондан 78 нафар талаба Ширин коллежида таҳсил олмоқда, – дея таъкидлади компаниянинг Марказий Осиё бўйича президенти Абид Малик.
Мазкур ташкилот ахборот хизматининг хабарига кўра, 2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда шамол электр станцияларининг умумий қуввати 3,3 ГВтга, “яшил” энергия улуши эса 76 фоизга етказилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА