Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан алкоголь маҳсулотларини қўлбола усулда яширин ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган цехлар фаолиятига чек қўйилди.
Бошқарма томонидан тузилган «Алкоголь маҳсулотларини яширин ишлаб чиқариш ва ноқонуний равишда сақлаш билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйиш» бўйича тузилган тезкор ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Хўжайли туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг яшаш манзили белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, ушбу хонадон яширин цех сифатида фойдаланиб келинаётганлиги аниқланиб, қиймати 69 786 400 сўмлик 697 литр спирт, 12 000 дона қалбаки акциз маркалари, 1234 дона «Қаратау» алкоголь маҳсулоти этикеткаси, 17 000 дона капсула, 7760 дона бўш шишалар ҳамда қўл бола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланадиган асбоб ва анжомлар ашёвий далил тариқасида олинди.
Қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний равишда айланмада бўлиши билан боғлиқ навбатдаги ҳолат ҳам бошқарманинг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва «Нукус Вино заводи» АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Кегейли туманида фош этилди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган «Орландо» русумли автотранспорт воситасида фуқаро ҳар бири 0,5 литрдан бўлган 600 шиша жами 300 литр «Қаратау» номли алкоголь маҳсулотини «шартли харидорга» жами 11 500 000 сўмга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА