Қўл жанги бўйича Жўқорғи Кенгес раиси кубоги баҳслари бўлиб ўтди
Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида ёшлар ва профессионал спортчилар ўртасида қўл жанги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади.
[gallery-32536]
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни жисмонан чиниққан комил инсон этиб тарбиялашга, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бу борадаги чора-тадбирлар қаторида қўл жанги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг кубоги мусобақаси анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Қизғин рақобатга бой тарзда ўтказилган навбатдаги мусобақада спортчилар ўзларининг маҳоратини ва кучли тайёргарлик билан келганлигини намойиш этди.
Мусобақа якунида ўз вазн тоифасида ғолиблар қаторидан жой олган бир қатор ёшларга медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, ғолиблар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг кубоги билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА