Қоидаларни мунтазам бузган мансабдорлар “Инсофсиз текширувчилар реестри”га киритилади
Фармон доирасида
Ўзбекистонда бизнес юритиш учун мутлақо янги муҳит шаклланди. Хусусан, солиқ юкининг камайтирилиши, кенг кўламли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши айни соҳада муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг босқичма-босқич қисқартирилиши ва рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратди.
Хусусий сектор иқтисодиётнинг асосий драйверига айланиб, янги иш ўринлари яратиш, инновацияларни жорий этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 апрелда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мазкур ҳужжат, аввало, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш, назорат қилувчи органлар фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Фармон доирасида 2026 йил 1 июлдан ишга тушириладиган “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ва унинг мобиль иловаси тадбиркорлар учун назорат жараёнларида қулайлик ва ҳимоя механизмларини яратади.
Хусусан, тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги масъул мансабдор шахслар – туман (шаҳар) ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш ҳамда улар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса муаммоларни ортиқча воситачиларсиз, тезкор ва очиқ ҳал этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, фармон билан давлат хизматчиларининг тадбиркорлар билан бўладиган ҳар қандай алоқаларини аниқ ҳуқуқий доирага киритиш орқали яширин босим ўтказиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган муҳим нормалар жорий этилади.
Эндиликда давлат хизматчисининг тадбиркор фаолият юритаётган объектга назорат ёки профилактика тадбирисиз бориши ёхуд тадбиркорни бошқа жойга чақириши “назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот” сифатида расмий қайд этилади. Бу эса ҳар қандай учрашув “изсиз” ўтиб кетмаслиги, балки тизимда акс этишини таъминлайди.
Мазкур мулоқотларни алоҳида тартибда белгилаш чоралари, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятига турли кўринишдаги норасмий таъсир ўтказиш ҳолатларига чек қўяди. Хусусан, “норасмий ҳомийлик”, асоссиз илтимослар ёки бошқа қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлар учун замин яратадиган яширин мулоқотлар эндиликда тизимли равишда назорат остига олинади.
Энг муҳим жиҳати – бундай мулоқотлар ҳақидаги маълумотларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритиш давлат хизматчилари учун мажбурий этиб белгилангани тадбиркорлар учун қўшимча кафолат яратади. Яъни, энди ҳар қандай учрашув ҳужжатлаштирилади ва бу талабга амал қилинмаса, мансабдор шахсга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.
Бундан ташқари, бир йил давомида бир тадбиркор билан икки ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган давлат хизматчиларига нисбатан қатъий чоралар белгиланиши муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳолатда уларга хизмат текшируви ўтказилиши, айнан шу тадбиркор фаолиятини текширишда 12 ой давомида иштирок этишига чеклов қўйилиши ёки тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказишга ваколат берувчи махсус гувоҳноманинг амал қилиши вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Қоидаларни мунтазам бузган мансабдор шахсларнинг “Инсофсиз текширувчилар реестри”га киритилиши давлат хизматчилари учун жиддий репутацион хавф омилини юзага келтиради. Бу эса уларни тадбиркорлар билан ишлашда янада масъулиятли бўлишга мажбур қилади.
Тадбиркорлар учун яна бир муҳим янгилик сифатида “Бизнес ҳимоя” QR-кодининг жорий этилиши назорат жараёнларини максимал даражада соддалаштириш ва ҳимоя даражасини оширишга хизмат қилади.
Аввало, ушбу тизим орқали тадбиркор зиммасидаги ортиқча бюрократик юклама – текширувларни рўйхатга олиш электрон китобини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинмоқда. Бу эса вақтни тежайди ва инсон омили билан боғлиқ ортиқча талабларни бартараф этади.
Эндиликда назорат қилувчи орган мансабдор шахси текширув бошлашдан олдин тадбиркордаги QR-кодни сканер қилиш орқали барча жараённи “Ягона давлат назорати” тизимида автоматик рўйхатдан ўтказади. Бу ҳар бир текширув рақамли изга эга бўлиши, яъни яширин ёки норасмий текширув ўтказиш амалда имконсиз бўлиб қолишини англатади.
Энг кучли ҳимоя механизми шундаки, агар давлат хизматчиси QR-код орқали текширув ёки мулоқотни тизимга киритмаса, тадбиркор уни ўз ҳудудига киритмаслик ёки мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга бўлади.
Бу норма тадбиркорга реал ва бевосита “рад этиш” инструментини беради ҳамда ноқонуний босимларнинг олдини олишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
QR-код асосидаги ушбу тизим назоратни “қоғоздан рақамга” ўтказиб, тадбиркорни текширувлардаги пассив иштирокчидан фаол ҳимояланган субъектга айлантиради. Бу эса бизнес юритишда шаффофлик, тезкорлик ва ишонч даражасини оширади.
Фармонда, шунингдек, 2026 йил 1 июлдан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида улар учун “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида шахсий кабинет автоматик равишда очилиши белгиланган. Бу фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорларга алоҳида мурожаат ёки қўшимча ҳаракатларсиз назорат жараёнларини бошқариш, текширувлар тарихини кузатиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон тадбиркорлик фаолиятини ортиқча аралашув ва ноқонуний босимлардан ҳимоя қилишнинг мутлақо янги, тизимли механизмларини жорий этади.
Энг муҳими, назорат жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирилиши ва шаффофлашуви тадбиркор ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларни очиқ ва адолатли тизимга олиб чиқади. Натижада тадбиркорлар ўз фаолиятини эркин ва ишонч билан юритиш имкониятига эга бўлади, бу эса иқтисодиётда хусусий секторнинг янада фаоллашуви ва инвестицион жозибадорликнинг ошишига хизмат қилади.
Жаҳонгирбек ҚЎЧҚОРОВ,
Савдо-саноат палатаси
бош юрисконсульти.
ЎзА