Қоғозбозликдан рақамли бошқарувга: самарадорлик фақат рақамларда эмас
Бугунги кунда давлат ва жамият бошқарувини модернизация қилиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишнинг ягона ва муқобилсиз йўли — тўлиқ рақамлаштиришдир. Қоғозбозликдан рақамли бошқарувга ўтиш шунчаки жараёнларни электрон шаклга ўтказиш дегани эмас, балки тизимнинг шаффофлиги, тезкорлиги ва энг муҳими — халқ розилигини таъминлаш.
Рақамлаштиришнинг самараси ва рақамли бошқарув хусусида жамоатчи ҳуқуқшунос Зулфия Маматова қуйидагиларни маълум қилди:
–Бугун рақамли технологиялар давлат бошқарувининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Электрон хизматлар кўлами кенгайиб, ахборот тизимлари такомиллашмоқда, идоралар ўртасида маълумот алмашиш имкониятлари ортиб бормоқда. Бу жараёнлар бошқарувнинг тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда ортиқча маъмурий харажатларни камайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, рақамлаштиришдан кўзланган мақсадни тўғри белгилаш ҳам зарур. Зеро, ҳужжатни электрон шаклга ўтказиш билан иш жараёнини соддалаштириш бир хил тушунча эмас. Электрон тизим жорий этилгани унинг ўзи автоматик равишда вақт тежалиши ёки меҳнат унумдорлиги ошишини англатмайди. Бунинг учун мавжуд жараёнлар қайта кўриб чиқилиши, такрорий вазифалар қисқартирилиши ва ахборот тизимлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши лозим.
Анъанавий иш юритишда қоғоз ҳужжатлар, маълумотномалар ва ҳисоботлар кўп вақт талаб қилиши мумкин эди. Рақамли технологиялар ушбу жараёнларни тезлаштириш, маълумотларни сақлаш ва улардан қайта фойдаланиш имкониятини яратди.
Бироқ амалиётда айрим маълумотларни бир нечта электрон тизимга киритиш, алоҳида жадваллар тайёрлаш ёки бажарилган иш натижаларини қўшимча шаклларда тақдим этиш зарурати юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатларда рақамли воситалардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлса-да, жараённинг ўзи етарлича соддалашмаган бўлади.
Масалан, муайян маълумот тегишли ахборот тизимига киритилган бўлса, уни бошқа ташкилотга етказишда идоралараро электрон маълумот алмашинувидан фойдаланиш мумкин. Агар айни маълумот яна бошқа платформага киритилса ёки алоҳида жадвал шаклида тақдим этилса, қўшимча вақт ва меҳнат сарфи юзага келади.
Шу нуқтаи назардан, рақамли бошқарувда «бир марта киритиш — зарур ҳолларда қайта фойдаланиш» тамойили муҳим аҳамият касб этади. Бунда ахборот тизимлари ўртасидаги интеграция, маълумотларнинг ишончлилиги ва улардан фойдаланиш ваколатларининг аниқ белгиланиши асосий шартлар ҳисобланади.
Албатта, ҳар бир ҳисобот ёки тасдиқлаш амалиёти ортиқча деб қаралмаслиги керак. Айрим маълумотлар назорат, хавфсизлик, ҳисобдорлик ва қабул қилинган қарорларни асослаш учун зарур бўлади. Муҳими, ҳар бир талабнинг мақсади аниқ бўлиши, бир хил маълумотни қайта тақдим этиш зарурати эса имкон қадар камайтирилиши лозим.
Рақамлаштириш самарадорлигини баҳолашда таълим тизими алоҳида эътиборга лойиқ. Электрон журналлар, таълим платформалари ва маълумотларни автоматлаштирилган тарзда юритиш педагогик жараённи ташкил этишга ёрдам беради. Улар ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кузатиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва таълим сифатини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Айни пайтда, педагогнинг асосий вазифаси ўқувчиларга билим бериш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва таълим натижаларини яхшилашдан иборат. Шу сабабли ахборот тизимларини жорий этишда уларнинг ўқитувчи меҳнатига таъсири ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Агар бир хил маълумотларни турли платформаларга қайта киритиш талаб этилса, бу педагогнинг дарсга тайёргарлик кўриш ва ўқувчилар билан ишлаш учун ажратадиган вақтига таъсир қилиши мумкин. Аксинча, маълумотларни автоматик узатиш, ҳисоботларни шакллантиришни соддалаштириш ва ўзаро боғлиқ тизимлардан фойдаланиш педагогик фаолиятни самарали ташкил этишга кўмаклашади.
Шу боис таълим соҳасида рақамли ечимларни баҳолашда нафақат техник имкониятлар, балки педагогнинг иш юкламаси, вақт сарфи ва таълим жараёнига қўшилаётган амалий ҳисса ҳам инобатга олиниши мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, ходимлар фаолиятини баҳолашда рақамли тизимларга киритилган маълумотлар билан бир қаторда, амалий натижалар ҳам эътиборга олиниши лозим. Қанча фуқаро ишга жойлаштирилди, қайси оилаларнинг даромади ошди, қандай тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланди ва маҳалладаги қайси муаммолар ҳал этилди — бу каби кўрсаткичлар иш самарадорлигини мазмунан баҳолаш имконини беради.
Демак, рақамли ҳисобдорлик ва натижага йўналтирилган бошқарув бир-бирини тўлдириши, электрон маълумотлар эса амалий қарорлар қабул қилиш учун хизмат қилиши керак.
Рақамли бошқарувни янада такомиллаштириш учун бир нечта ташкилий ва технологик ёндашув муҳим ҳисобланади.
Биринчидан, мавжуд жараёнларни таҳлил қилиш. Янги электрон тизимни жорий этишдан олдин иш жараёнидаги босқичлар, талаб этиладиган маълумотлар ва такрорий вазифалар ўрганилиши лозим. Бу ортиқча амалларни аниқлаш ва уларни қисқартириш имконини беради.
Иккинчидан, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш. Техник ва ҳуқуқий жиҳатдан имконият мавжуд бўлган ҳолларда, идораларда шаклланган маълумотлардан белгиланган тартибда қайта фойдаланишни таъминлаш керак. Бу маълумотларни такроран киритиш заруратини камайтиради.
Учинчидан, ҳисобот талабларини мақсадга мувофиқлаштириш. Ҳар бир ҳисоботнинг бошқарув қарорига, назоратга ёки натижани баҳолашга қандай ҳисса қўшаётгани кўриб чиқилиши зарур. Бир хил мазмундаги ҳисоботларни бирлаштириш ёки автоматик шакллантириш имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, ходимларнинг асосий вазифаларига устуворлик бериш. Меҳнат тақсимоти ва жавобгарлик доиралари аниқ белгиланиши, қўшимча топшириқлар эса асосий вазифаларнинг бажарилишига номутаносиб таъсир кўрсатмаслиги керак.
Бешинчидан, рақамлаштириш натижаларини аниқ мезонлар асосида баҳолаш. Бунда маълумот киритиш ва ҳисобот тайёрлаш учун сарфланган вақт, хизмат кўрсатиш муддати, такрорий жараёнлар сони, маълумотлар сифати ва фуқаролар муаммоларининг ҳал этилиш даражаси каби кўрсаткичлардан фойдаланиш мумкин.
Ушбу ёндашувлар рақамли технологияларни шунчаки жорий этишдан уларнинг амалий самарасини оширишга ўтиш имконини беради.
Рақамлаштиришнинг моҳияти қоғоз ҳужжатларни электрон шаклга кўчиришдан кўра кенгроқдир. У инсон меҳнатини самарали ташкил этиш, бошқарув қарорларининг сифатини ошириш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган жараён.
Зеро, самарали рақамли бошқарув — бу кўпроқ маълумот киритиш эмас, балки зарур маълумотлар асосида камроқ ортиқча ҳаракат билан яхшироқ натижага эришиш.
Гулноза Бобоева,
ЎзА