Қизларни ўзгартирган бир ҳафта
Самарқанд шаҳридаги замонавий ахборот технологияларини ўргатишга ихтисослашган “School 21” нодавлат таълим муассасасида қизларнинг лидерлик кўникмалари ва сунъий интеллект саводхонлиги, стартап ва лойиҳавий фикрлашини ривожлантириш ҳамда ижтимоий таъсирга эга ечимлар яратишга қаратилган “Women Empowerment Week 2026: AI for Social Impact” дастури амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида “AI Lab”, “TBC”, “MohirDev” ва “Women in Tech Uzbekistan” тизимлари ҳамда лойиҳалари ҳамкорлигида амалга оширилган дастур мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 60 нафар қизни бирлаштирди. Улар бир ҳафта давомида ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилишдан тортиб, ечимларни ишлаб чиқиш ва экспертлар ҳамжамиятига тақдим этишгача бўлган амалий кўникмаларга эга бўлди.

Дастур бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишни, жумладан, сунъий интеллект саводхонлиги, лидерлик ва барқарорлик, жамоавий иш, шунингдек, стартап лойиҳаларга йўналтирилган фикрлашни ривожлантиришни қамраб олди. Қизларнинг ўзига ишончи, омма олдида чиқиш қилиши, масъулиятни зиммасига олиши ва ўз ғоялари сари илк қадам ташлашига тўсқинлик қиладиган ички тўсиқларни енгиб ўтишига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бир йил аввал мен “Women Empowerment Week” дастурида қатнашган эдим ва технологиялар оламига тажрибасиз кириш мумкинми, деган саволга жавоб излаётгандим, – дейди Зиёда Нарзиқулова. – Ўтган йил ичида мен “School 21”da ITни ўрганишни бошладим, ўз стартапларимни ривожлантириш билан шуғулландим ва ёнингда сенга ишонадиган муҳит пайдо бўлса, ҳаёт қанчалик ўзгариши мумкинлигини кўрдим. Натижада бу йил ушбу дастурда ментор сифатида қатнашдим. Ўзбекистондаги бошқа қизлар учун ҳам бу дастур улар танлаган йўлнинг бир қисми бўлишини истайман.

Дастур давомида иштирокчилар аёллар саломатлиги, ўсмир қизларни қўллаб-қувватлаш, ота-оналик, психологик фаровонлик, аёллар тадбиркорлиги, ҳуқуқий соҳа ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларга бағишланган 10 та лойиҳа ишлаб чиқди. Якунда эса учта лойиҳа алоҳида эътироф этилди ва Launch Lab 21 грант треки доирасида ривожланишни давом эттириш имкониятини қўлга киритди.
Биринчи ўринни эгаллаган “Аёл” лойиҳаси хотин-қизларнинг ментал ва жисмоний саломатлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, улар ёрдам олиши, тажриба алмашиши ва муҳим маълумотлардан фойдаланиши мумкин бўлган ҳамжамиятни шакллантиришга қаратилган. Иккинчи ўринга муносиб кўрилган “Teenager Girls Help” лойиҳаси эса ўсмир қизларни мураккаб даврда қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Учинчи ўринни эгаллаган “MamaLyu” (PapaLyu) лойиҳаси ота-оналарни фарзанд тарбияси масалаларида қўллаб-қувватлаш, улар учун барқарор, хабардор ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратишни ўз ичига олади.

– Бу ҳафта давомида мен ўзим кутмаган ишларни қилдим, – дейди Шаҳзода Ҳакимова. – Яқин вақтгача код ёзиш ва маҳсулот ишлаб чиқишда иштирок этишни тасаввур ҳам қила олмасдим. Энди эса бу имконсиз эмаслигини яхши биламан ва бу менинг шахсий тажрибамга айланди. Шу кунларда менда ўзгарган энг муҳим нарса келажагимга бошқача қарай бошлаганимдир.
Дастурнинг алоҳида қисми сифатида Women Empowerment Alumni Network – дастур битирувчилари ҳамжамияти ташкил этилди. Бу узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш, менторликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорлик ва лойиҳаларнинг кейинги ўсиши учун хизмат қилади, дейишди ташкилотчилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари