Бухоро вилояти Ромитан тумани “Қизилравот” аҳоли масканида “Қизилравот” оилавий шифокор пункти янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. 800 нафарга яқин қозоқ миллатига мансуб аҳоли яшаётган маҳалла аҳли тиббиёт маскани барпо этилишидан жуда мамнун.
Масканнинг очилиш маросимида туман ҳокими Умиджон Барноев мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, шунга кўра аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тобора юксалиб бораётганини таъкидлади.

“Қизилравот” оилавий шифокорлик пункти мудираси Насиба Милтиқбоева шундай шинам маскан қуриб берилгани учун Президентимизга овул аҳли номидан миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг бир гуруҳ шифокорларга туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун, собиқ қишлоқ врачлик пункти биноси ўрнида қад ростлаган мазкур иншоот учун 1 миллиард 439 миллион сўм маблағ ажратилди. “Fathvalite bulding” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан янгидан бунёд этилди.



Шу тариқа бу ерда яшовчилар умумий амалиёт шифокори, патронаж хизмати, туғиш ёшидаги аёллар ҳамда ҳомиладор ва туғуруқдан кейинги доя, лаборатория хизматидан фойдаланиш, муолажа даврида бир неча хил турдаги дори воситаларини бепул олиш имкониятига эга бўлди. Шифо маскани зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Зариф Комилов, ЎзА