Қишлоққа илк бор келган шифокорлар
Деҳқонободнинг олис Қурилиш қишлоғида аҳоли биринчи марта кенг қамровли тиббий кўрикдан ўтказилди. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган Қурилиш қишлоғига бир гуруҳ тиббиёт мутахассисларининг келиши маҳаллий аҳоли учун том маънода муҳим воқеага айланди. Сабаби, аҳоли вакилларининг таъкидлашича, ушбу ҳудудда шу кунга қадар ҳеч қачон бундай кўламдаги тиббий кўрик ташкил этилмаган.
Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири саналадиган Қурилиш қишлоғи ўзининг шаклланиш тарихи билан ҳам диққатга сазовор. Маҳаллий аҳолининг асосий қисми чорвачилик, хусусан, қўйчилик билан шуғулланади. Қишлоқ аҳолиси дастлаб тоғли Ойбек ҳудудидан келиб, баҳор ва ёз фаслларида чорвасини ўтлатиш мақсадида бу ерларга кўчиб келган. Булоқ атрофида қурилган чўпон уйлари вақт ўтиши билан доимий яшаш масканига айланиб, Бошбулоқ қишлоғи вужудга келган. Кейинчалик қишлоққа Қурилиш номи берилган.
Бироқ бу ҳудудда яшовчиларнинг турмуш шароити ҳали ҳам қатор муаммолар билан боғлиқ. Алоқа ва интернет хизматларининг чеклангани, тиббий хизматнинг етарли даражада ташкил этилмагани аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келади.
– Бугунги тиббий кўрик биз учун катта воқеа бўлди, – дейди қишлоқ фуқароси Гулзебо Жўраева. – Қишлоғимизда шу пайтгача бирор марта ҳам шифокорлар келиб, оммавий кўрик ўтказмаган. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар учун бу жуда муҳим эди. Оғир бемор бўлиб қолсак, узоқ масофани босиб ўтиб, туман марказига ёки Қамаши туманидаги шифохоналарга мурожаат қилишга мажбур бўлардик.
Мазкур тиббий кўрикни ташкил этиш ташаббуси ҳам айнан аҳолининг мурожаатларидан кейин пайдо бўлди. Бир неча ҳафта аввал ҳудудда содир бўлган сел оқибатларини ўрганиш жараёнида маҳаллий аҳоли ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида гапириб берган. Уларнинг энг долзарб масалаларидан бири тиббий хизмат билан боғлиқ экани маълум бўлган.
Шундан сўнг Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилиниб, вилоят ва туман тиббиёт муассасаларидан малакали мутахассислар жалб этилди.
– Илгари касал бўлсак, Қамашидаги шифохоналарга борганмиз. Улар эса ўз туманимизга мурожаат қилишни тавсия қиларди. Аммо туман маркази қишлоғимиздан қарийб 200 километр узоқда жойлашган, – дейди Абдуқаюм Эшбеков. – Энди эса шифокорлар ўзлари келиб аҳволимиздан хабар оляпти. Қишлоққа тиббиёт ходими бириктирилиши ва тиббий контейнер ўрнатилиши ҳақидаги хабар аҳолини янада руҳлантирди.
Масъулларнинг таъкидлашича, қишлоқ аҳолиси узоқ йиллар давомида мавсумий тарзда яшаб келгани сабабли тиббий хизматни ташкил этишда айрим мураккабликлар юзага келган. Бироқ аҳолининг бу ҳудудда доимий яшаши кучайгани ҳисобга олиниб, эндиликда тиббий хизматни йўлга қўйиш бўйича аниқ чоралар белгиланмоқда.
“Янги Ҳаёт” маҳалласи ҳудудидаги 1-оилавий поликлиника раҳбари Ҳусниддин Умрзоқовнинг маълум қилишича, Қурилиш қишлоғи аввал тоғли Ойбек маҳалласига бириктирилган бўлиб, аҳоли асосан ўша ҳудуддаги тиббий хизматдан фойдаланган. Энди эса қишлоққа доимий тиббиёт ходими бириктириш ва тиббий пункт ташкил этиш режалаштирилган.
Кенг қамровли тиббий кўрик давомида аҳоли ультратовуш текшируви, лаборатория таҳлиллари ҳамда терапевт, эндокринолог, стоматолог, жарроҳ, онколог, гинеколог ва бошқа мутахассислар кўригидан ўтказилди.
Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Абдумалик Эгамшукуровнинг айтишича, кўрик натижасида бир қатор касалликлар аниқланиб, беморларга даволаниш режалари ишлаб чиқилган. Зарур ҳолларда вилоят ва туман шифохоналарига йўлланмалар берилган. Шунингдек, икки нафар болада жарроҳлик амалиётига эҳтиёж борлиги аниқланиб, уларни операция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Энг муҳими, қишлоқ аҳолисини мунтазам тиббий назоратга олиш, болаларни эмлаш, скрининг текширувларини ташкил қилиш ҳамда тиббий инфратузилмани шакллантириш бўйича амалий ишлар бошланмоқда.
Албатта, бир кунлик тиббий кўрик билан ҳудуддаги барча муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Қурилиш қишлоғида алоқа, таълим ва тиббиёт соҳаларида ечимини кутаётган масалалар ҳали талайгина. Аммо аҳолининг мурожаатлари эшитилгани, муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий қадамлар ташланаётгани одамларда эртанги кунга ишонч уйғотмоқда.
Зеро, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган ислоҳотлардан чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳам тўлиқ баҳраманд бўлиши лозим. Қурилиш қишлоғида бошланган мазкур ишлар ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
[gallery-29915]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА мухбирлари