Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, давлат мониторинги, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6061-сон фармонига асосан:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга оширишда:
қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш;
қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш;
қишлоқ хўжалиги ерларининг муҳофаза қилинишини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қийматини ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш;
тупроқ бонитировкасини ўтказиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш бўйича ишларини ташкил этади.
б) Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда – Кадастр агентлиги) ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида:
ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ноқонуний ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлайди;
ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурилишини аниқлайди;
ер участкаси чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўради;
давлат кадастрларини юритиш тартибига риоя этилишининг назорат қилинишини таъминлайди.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда давлат назоратини янада мустаҳкамлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида:
а) ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг аграр соҳани рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ва унга бўйсунувчи марказий аппаратдаги 16 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига:
аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилсин;
Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилинсин;
Бунда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасаси фаолиятини мувофиқлаштириш аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосарига юклатилсин;
б) 2021 йил 1 мартдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилишга доир 110 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига вазирликка тўғридан-тўғри бўйсунувчи Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилсин;
в) қонунчиликда белгиланган тартибда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ер тузиш, ер мониторинги, экинларни жойлаштириш ва экилишини мониторинг қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро молия институтлари маблағлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан қўшимча штат бирликлари киритилсин;
г) вазирлик ҳузуридаги “Мониторинг хизмати” давлат муассасаси ва вазирлик марказий аппаратидаги Ички назорат хизмати негизида 8 та штат бирлигидан иборат Ички аудит ва комплаенс-назорат бошқармаси ташкил этилсин.
3. Кадастр агентлигининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти (кейинги ўринларда – Институт) ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат бирликлари ҳамда моддий-техника базаси, Институтнинг ҳудудий бўлинмалари балансида турган бино-иншоотлар 2021 йил 1 мартдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилсин.
Бунда, 2023 йил 1 январга қадар:
Институт Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, “Ц” мавзесида жойлашган Кадастр агентлиги биносининг бир қисмидан;
Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва ташкилотлари Институтнинг ҳудудий бўлинмаларига қарашли биноларнинг бир қисмидан текин фойдаланади.
4. Қуйидагилар:
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 201 нафардан иборат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тузилмаси, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг чекланган сони 5-иловага мувофиқ;
туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимларининг намунавий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 6-6а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин:
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратчилари томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга асосан ундириладиган жарималарнинг 50 фоизи;
ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар бўйича ҳисобланган маблағларнинг 5 фоизи.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва айбдор шахсларни жаримага тортиш;
тадбиркорлик субъектларида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ўрганиш ишларини, шунингдек, экинларни хатловдан ўтказиш ва ўлчаш, уларнинг норматив қийматини аниқлаш, ерлардан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш ҳамда геоботаник ва тупроқ-тадқиқот ишларини Текширувларни электрон рўйхатга олишнинг ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга ошириш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ҳолатини, қишлоқ хўжалиги экинлари ва агротехник тадбирларни учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан белгиланган тартибда фойдаланган ҳолда мониторинг қилиш мақсадида учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан фойдаланиш ва уларни тўловсиз учиришни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги мақсадида учувчисиз учиш аппаратларини (дронлар) ишлаб чиқарувчи корхоналардан тендерсиз тўғридан-тўғри харид қилиш.
7. Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудлараро бўлинмалари ташкил этилсин.
8. Республика аэрогеодезия марказига ер тузишга оид комплекс тадбирларни бажаришга йўналтирилган лойиҳа-қидирув ва тадқиқот ишларини бажариш, ерларни хатловдан ўтказиш, давлат ер кадастрини юритиш учун зарур маълумотларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифа ва функциялар юклатилсин.
9. Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев) ва Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) билан биргаликда уч ой муддатда Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар Кадастр агентлигининг Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтмасдан ердан фойдаланишни ердан ноқонуний фойдаланиш деб ҳисоблаш ҳамда унга нисбатан ер солиғи ставкасини 10 баравар миқдорида қўллаш;
ер участкалари ўзбошимчалик билан эгалланган ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқроқ ҳажмда фойдаланилганда, шунингдек, ер участкасидан белгиланган мақсадларда фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, ер солиғининг белгиланган ставкаларини 20 баравар миқдорида ундириш.
10. Кадастр агентлиги (Ф.К.Умаров) 2021 йил 1 июлга қадар:
ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ва уларни кўриб чиқиш мониторингини юритиш бўйича “Е-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда – “Е-YER NAZORAT” тизими) яратсин;
ерга оид ҳуқуқбузарликларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш ва натижалари тўғрисидаги маълумотларни “Е-YER NAZORAT” тизимига киритиб бориш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари, судлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ахборот тизимига интеграция қилсин;
“Е-YER NAZORAT” тизимининг самарали ишлашини таъминлаш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини аниқлашда жамоатчилик назорати, назоратчи инспекторлар ва ер тузувчиларни рағбатлантириш, шунингдек, ноқонуний ҳолатлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар изчил назорат олиб бориш механизмларини назарда тутган ҳолда Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев):
бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали уларнинг электрон хариталарини яратиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;
Адлия вазирлиги (Р.Қ.Давлетов) билан биргаликда уч ой муддатда Жиноят кодексига ер участкаларини, шу жумладан, муҳофаза этиладиган зоналар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик ҳолатлари бўйича жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Кадастр агентлиги (Ф.К.Умаров) бир ой муддатда “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти ҳамда Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига алоқадор идоравий сақлов муддати тугаган геодезик ва картографик материалларни Давлат картография-геодезия фондига давлат сақловига топшириш, амалда фойдаланишдаги барча ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини тегишлилиги бўйича ўзаро алмашишни таъминласин.
13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев):
уч ой муддатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни мониторинг ва муҳофаза қилишда давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин;
“Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминласин.
14. Қуйидагилар:
а) Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига:
2021 йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг электрон хариталарини яратиш;
“Е-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларни мазкур тизимга интеграция қилиш;
б) қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев зиммасига:
“Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти, Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш бошқармаси ва ҳудудий ер тузувчилар фаолиятини ташкил этиш учун зарурий воситалар билан таъминлашга халқаро грант маблағларини ўрнатилган тартибда жалб қилиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан, самарали фойдаланиш ва экинлар ҳолатини назорат қилишни рақамлаштириш;
қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш;
в) қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари М.И.Рузметов зиммасига:
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш ишларини самарали ташкил этиш;
тупроқ бонитировкасини ўтказиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш юзасидан шахсий масъулият ва жавобгарлик юклансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
16. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 24 февраль