Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш белгиланмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга, яъни қайта ижарага беришга рухсат этиш масаласи кўрилмоқда.
Бу каби тартибларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Қонун лойиҳаси билан Ер кодексининг ер участкаси ижараси тўғрисидаги 24-моддасига ўзгартириш киритилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш, шунингдек, ижарачиларга ижарага берилган ер участкаларини қайта ижарага беришга рухсат этиш назарда тутилмоқда, – деди депутат Равшан Бегматов. – Қонун лойиҳасида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилган ва кредит мажбурияти бажарилмаган тақдирда, кредиторлар томонидан мазкур ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби белгиланмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада ижарага олинган ер участкалари ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга, яъни ижарачилар ерларга нисбатан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини сотиш орқали қишлоқ хўжалиги ерларини бозор активига айлантириш нормалари кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга беришда турли баҳсли мезонларга таянган очиқ электрон танлов ўрнига шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган электрон онлайн-аукцион савдолари жорий этилади.
Муҳокамаларда депутат Д.Ғаниев амалдаги Ер кодексининг 24-моддаси чет эл фуқароларига ижарага бериш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилиши белгилангани, ушбу лойиҳа билан киритилаётган ерларни қайта ижарага бериш тартибларида эса чет эл фуқаролари ва хорижий инвесторларга қайта ижарага бериш масаласи очиқ қолганини таъкидлади. Қизғин муҳокамалардан сўнг ерларни қайта ижарага бериш янги институт эканлиги, бунда чет эл фуқаролари мустасно эканлиги белгилаб қўйиладиган бўлди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА