Қишлоқ хўжалигида янги авлод ва замонавий билимлар даври бошланмоқда
Қачонлардир "келажак фермери нафақат далада меҳнат қилади, балки дрон, планшет ва сунъий интеллект ёрдамида ҳам ҳосил етиштиради" дейишса, буни муболағага йўйиш мумкин эди. Бугун эса ушбу тасаввур аста-секин воқеликка айланмоқда.
Зеро, замонавий қишлоқ хўжалиги энди фақат ерга ишлов бериш, уруғ қадаш ва ҳосил йиғишдан иборат эмас. Бугунги кунда соҳа самарадорлиги кўп жиҳатдан рақамли ечимлар, илмий ёндашув ва инновацияларга боғлиқ. Сув ҳамда ер ресурсларини тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришда илғор технологияларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Шу боис аграр тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда нафақат янги техникалар, балки агротехник жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, сунъий интеллект, дронлар, “ақлли” сенсорлар ва сунъий йўлдош тизимлари экинлар ҳолатини доимий кузатиш, тупроқ намлигини аниқлаш, ҳосилдорликни прогноз қилиш ҳамда мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.
Бундай мураккаб вазифаларни амалга ошириш эса соҳада янги касб эгаларига бўлган эҳтиёжни юзага келтирмоқда. Шулардан бири, агротех-мутахассисдир. У аграр соҳа ва рақамли технологиялар ўртасидаги ўзига хос кўприк бўлиб, инновацион ишланмаларни дала шароитига татбиқ этиш, экинлар ривожини таҳлил қилиш ва ресурс сарфини мақбуллаштириш билан шуғулланади.
Агротех-мутахассиснинг бош мақсади, меҳнат ва маблағ сарфини камайтирган ҳолда юқори ҳосилдорликка эришишга кўмаклашишдир. Бунинг учун ундан агрономияга оид чуқур билимлар билан бир қаторда, ахборот технологиялари, дастурлаш ва маълумотлар таҳлили бўйича ҳам мустаҳкам кўникмалар талаб этилади.
Хўш, нега айнан ушбу касб бугунги кунда энг истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда аграр соҳани рақамлаштириш ва “ақлли қишлоқ хўжалиги” технологияларини жорий этиш кўлами кенгайиб бораётгани сабабли мазкур йўналишдаги кадрларга талаб ортиб бормоқда.
Бу эса ахборот технологиялари, дастурлаш ва агрономияга қизиқадиган, илғор ишланмалар ҳамда маълумотлар таҳлили билан ишлашни истайдиган ёшлар учун янги касбий уфқларни очмоқда.
Масалан, анъанавий деҳқончиликда фермер экинларни суғориш муддати ва меъёрини ўз шахсий тажрибасига таяниб белгилайди. Агротех-мутахассис эса тупроқ намлигини ўлчовчи сенсорлар, об-ҳаво прогнозлари ва рақамли таҳлилларга асосланиб, суғориш вақти ҳамда сув миқдорини аниқ ҳисоблаб беради. Натижада обиҳаёт тежалади, ортиқча харажатлар қисқаради ва экинлар парвариши самарадорлиги ошади.
Миллий статистика қўмитасининг 2026 йил 1 октябрь ҳолатига оид маълумотларига кўра, мамлакатимизда 330 минг 830 та деҳқон хўжалиги фаолият юритмоқда. Ҳудудлар кесимида Андижон (50 минг 775 та), Хоразм (44 минг 658 та) ва Самарқанд (33 минг 343 та) вилоятлари энг юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Ушбу рақамлар юртимизда аграр тармоқ нақадар кенг кўламга эга эканини кўрсатади. Бундай шароитда ер, сув ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш долзарб аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, агротех-мутахассис бугунги замон талабидан келиб чиққан янги авлод касбидир. Унинг фаолияти анъанавий деҳқончиликни илм-фан, рақамли ечимлар ва инновациялар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади. Демак, келажакда қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлиги нафақат ер ва меҳнат ресурсларига, балки замонавий билимларни амалиётга татбиқ эта оладиган малакали кадрларга ҳам бевосита боғлиқ бўлади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА