Ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим
Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашда ғаллачилик соҳасининг ўрни беқиёс. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илмий асосланган агротехнологияларни кенг жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермер ва деҳқонларга мурожаатида 2027 йил ҳосили учун ғалла майдонларида парвариш ишларини тизимли ташкил этиш, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги таъкидланган.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 9 декабрдаги «Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-370-сон қарори соҳада янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда. Ҳужжатда замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш ва ғаллачиликда ҳосилдорликни гектарига 100 центнер ва ундан юқори даражага етказишни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.
Шунингдек, 2026 йил ҳосилидан бошлаб ғаллани ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, белгиланган тартибда биржа савдолари ёхуд давлат ресурси учун реализация қилган фермер хўжаликларига маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратиш механизми жорий этилган.
Агротехник тадбирлар — мўл ҳосил гарови
Мутахассислар тавсияларига кўра, ғалладан юқори ва сифатли ҳосил олиш барча агротехник тадбирларни белгиланган муддат ва меъёрларда бажаришга бевосита боғлиқ. Ерни тайёрлаш, уруғни сифатли экиш, майсаларнинг тўлиқ униб чиқишини таъминлаш, ўсимликларни ўз вақтида озиқлантириш ва ташқи стресс омилларидан ҳимоя қилиш ягона технологик жараённинг муҳим босқичларидир.
Айниқса, кузги вегетация даврида ғалла майсаларини тўғри парваришлаш ўсимликнинг бақувват ривожланиши ва қишки совуқларни талафотсиз ўтказишида муҳим ўрин тутади. Шу боис фермер хўжаликлари далаларни қайта кўздан кечириб, ривожланишдан ортда қолаётган майдонларни аниқлаши, уларда озиқлантириш ва парваришлаш ишларини кучайтириши лозим.
Мурожаатномада ғалла майдонларини микроэлементли ўғитлар билан баргдан озиқлантириш, азотли ўғитлар захирасини шакллантириш, кечки ва суст ривожланаётган майдонларда фосфор ҳамда калийли ўғитлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, лалми майдонларда ғалла экиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, суғорилмаган майдонларда ўқариқлар оралиғини тўғри белгилаш ва енгил суғоришни ташкил этиш тавсия этилган.
Сув тежовчи технологиялар ва қўшимча имкониятлар
Ғаллачиликда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Мурожаатда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш орқали давлат субсидияларидан фойдаланиш, ҳосилдорликни гектарига 10–12 центнерга ошириш ва сув сарфини 35–45 фоизга тежаш имкониятлари қайд этилган.
Кечки ва суст униб чиққан майдонларда қуруқ, чириган маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш ҳам тупроқ унумдорлигини яхшилашга қаратилган тадбирлардан бири сифатида кўрсатилган. Бу борада ўғитларни қўллаш муддати, меъёри ва усулини мутахассислар тавсияси асосида белгилаш муҳим.
Бундан ташқари, ғўза қатор орасига экилган ғалла майдонларини ғўзапоядан махсус агрегатлар ёрдамида тозалаш, дала атрофлари ва ички ариқларни тартибга келтириш, сув иншоотларини бетонлаштириш ишларини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланган. Ғўзапоядан биочар тайёрлаш орқали қўшимча даромад олиш имкониятидан ҳам фойдаланиш мумкин.
«Зарбдор бир ойлик» — масъулият ва саъй-ҳаракатлар даври
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларини 2027 йил ҳосили учун «Зарбдор бир ойлик»ни ташкил этишга чақирмоқда.
Ушбу даврда ҳар бир хўжалик раҳбари ғалла майдонларини хатловдан ўтказиши, озиқлантириш ишларини режалаштириши, зарур ўғитлар захирасини яратиши ҳамда суғориш тизимларининг ҳолатини назорат қилиши муҳим. Кластер корхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш, соҳа олимлари ва мутахассислари тавсияларига амал қилиш ҳам кутилган натижага эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Мурожаатда ғалла майсаларини микроэлементли ўғитлар билан озиқлантириш, биостимуляторлардан фойдаланиш ва уларни қўллаш технологиясига ҳам эътибор қаратилган. Бунда ишчи эритмаларни тайёрлаш ва сепиш жараёнларини амалдаги агротехник талаблар ҳамда мутахассислар кўрсатмалари асосида ташкил этиш лозимлиги қайд этилган.
Зеро, 2027 йилда мўл ғалла хирмонини яратиш ҳар бир фермер, сувчи, агроном ва механизаторнинг масъулияти, меҳнати ҳамда ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ. Белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали ҳосилдорликни ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликлари даромадини кўпайтириш мумкин.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари барча деҳқон ва фермерларни ғалла майдонларида парвариш ишларини кучайтиришга, «Зарбдор бир ойлик»да фаол иштирок этишга ҳамда юқори ҳосил етиштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга чақирмоқда.
ЎзА