ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукусда Жаҳон банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Германия тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия ташкилотлари томонидан кредит маблағларининг ажратилиши тартиби, уларнинг афзалликларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази фаолияти таҳлил этилди.
Таъкидланганидек, марказнинг асосий вазифалари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, республика иқтисодиёти тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда модернизация қилиш, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларига замонавий технологияларни кенг жорий этишдан иборат. Шунингдек, марказ юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит ва грантларини фаол жалб қилиш, жойларда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
[gallery-24022]
Марказ томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда 6 та лойиҳа учун 571 миллион 573 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шундан 453 миллион 340 минг АҚШ доллари ўзлаштирилган.
2019-2025 йиллар мобайнида жами 50 мингдан ортиқ ишчи ўрни яратилди. Айни кунда тижорат банклари ва лизинг компаниясида 118 миллион 163 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мавжуд. Ушбу маблағлар мамлакатимиздаги 12 та банк, хусусан, “Қишлоққурилишбанк”, “Турон банк”, “Миллий банк”, “Ипотека банк”, “Асака банк,” “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”, “Ипак йўли банк,” “Алоқа банк”, “Ҳамкор банк” орқали ташаббускор ва талабгорларга кредит ҳамда грантлар асосида етказиб берилмоқда.
Тадбир иштирокчилари халқаро молия ташкилотларининг кредит маблағларининг ажратилиши тартиби билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА