Қишлоқ хўжалигида бугуннинг долзарб масалалари
Жиззах вилоятида пахта йиғим-терими ва ғалла экиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Пахтакор туманидаги “Семурғ” пахтачилик кластери пахта даласида ўтказилган йиғилишда асосий эътибор ҳосилни қисқа муддатда, сифатли ва нобуд қилмай йиғиб олишга қаратилди.
Жорий йилда вилоятда 73,1 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, 400 минг тонна пахта ҳосили етиштириш мўлжалланган. Бу ҳосилни 30 кун муддатда йиғиб-териб олиш учун 350 дона пахта териш машинаси зарур. Айни пайтда мавжуд 302 дона техника имконияти ҳисобга олиниб, етишмаётган 48 дона пахта териш машинасини қўшимча жалб қилиш вазифаси белгиланди.
Бироқ мавсумни самарали ўтказиш техника сонининг ўзи билан ҳал бўлмайди. Пахта майдонларини десикация қилиш, теримга тайёрлаш, мавжуд ОВХ ва дронлардан самарали фойдаланиш, пахта териш машиналарига GPS ва кузатув камераларини ўрнатиш, тиркамалар ҳамда ортиш техникаларини етарли миқдорда таъминлаш ҳам муҳим.

Ҳосилнинг даладан қабул масканигача бўлган ҳаракатида узилиш бўлмаслиги учун вилоятдаги 26 та пахта қабул қилиш маскани мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган. Энди пахтани узлуксиз қабул қилиш, лаборатория хулосаларини ўз вақтида расмийлаштириш ва фермерларга қулай шароит яратиш талаб этилади. Бу жараёнда ёқилғи таъминоти, пахта теримини молиялаштириш, фермерларга пахта учун 80 фоизлик тўловларни амалга ошириш ва механизаторлар иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ҳам муҳим ўрин тутади.
Даладаги бир мавсум шу билан тугамайди. Пахта йиғиб олинган заминда энди келгуси йил ҳосили учун ғалла экиш ташвиши бошланади.
Вилоятда келгуси йил ҳосили учун 80,4 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экиш, бундан ташқари, 100 минг гектар лалми майдондан фойдаланиш режалаштирилган. Ғалла майдонларини сув билан яхши таъминланган ҳудудларга жойлаштириш, ҳар бир туман ва фермер хўжалиги бўйича режаларни қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Бу жараёнда замонавий ёндашув ҳам муҳим. Ғалла майдонларини Агроплатформа ахборот тизимига тўлиқ киритиш, фермер хўжаликларини кредит маблағлари билан таъминлаш, Хитойдан дон экиш сеялкаларини олиб келиш ва уларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳосилнинг пойдевори эса сифатли уруғликдан бошланади. Ғалла экиш учун вилоятда 28,1 минг тонна уруғлик дон талаб қилиниши, маҳаллий уруғликнинг тўлиқ тайёрлангани ҳамда Россия Федерациясидан 3,5 минг тонна уруғлик дон олиб келиш белгилангани маълум қилинди. Минерал ўғит ва ёқилғи таъминотини ўз вақтида ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга вазифалар берилди.
Шундай қилиб, пахта терими ва ғалла экиш бир-биридан алоҳида кечадиган икки мавсум эмас. Бирининг натижаси иккинчисининг бошланишига замин яратади. Бугун ҳосилни қандай асраб-авайлаб йиғиб олсак, эртанги нон ризқи учун ерни шундай масъулият билан тайёрлашимиз керак.

Йиғилиш якунида ҳар икки мавсумни белгиланган муддатларда, уюшқоқлик билан ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири