Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда даставвал, пахтачиликда амалга оширилиши лозим бўлган келгуси ишлар, хусусан, “Агроплатформа” тизимини янада такомиллаштириш борасида мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, ёшларга ер ажратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Бунда энг сўнгги, истиқболли дея топилган амалиётларни қўллаш, ерлардан унумли фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди. Йиғилишда инвестицион лойиҳалар ҳолати, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалда ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди. Бу борада инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар ижросини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳақида масъул ходимларнинг ҳисоботи тингланди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ижро масалаларига тўхталар экан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳалари тайёрланиши устидан шахсий назоратни ташкил этиш, ушбу ҳужжатлар ижрочиларга тезкор етказилиши, мазкур ҳужжатлар ижроси амалда назорат қилинишини ташкил этиш ҳамда ўз вақтида, тўлиқ ва натижали ижро этилишини таъминлаш ижро интизомини мустаҳкамлашдаги асосий вазифалардан бири эканини таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш якунида вазир маҳсулотларни қайта ишлаш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, сув масалаларини ҳал этиш, ердан унумли фойдаланиш, ҳудудларда экилаётган экинлар сарҳисобини юритиш борасида ҳам ўзининг муҳим топшириқларини берди.
Шу билан бирга, масъулларга ҳар бир туманни ўрганиш кераклиги ҳамда туманлар омбор китобларини шакллантириш, бу борадаги ишлар самарадорлигини назорат қилишга қаратилган бир қатор кўрсатмалар бериб ўтди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА