Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом;
Республика ҳудудларида саноатлашган янги интенсив (сермаҳсул) боғ ва токзорларни барпо этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Республикада янги боғларни барпо этишни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари орқали молиялаштириш тўғрисидаги низом;
Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Маълумот учун. Олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-151-сон Фармонига мувофиқ:
захирадаги ер участкаларида янги боғлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ишлаб чиқадиган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларига мувофиқ Агентлик ёки у танлаган тадбиркорлик субъектлари томонидан барпо этилиши;
захирадаги ер участкалари янги боғларни барпо этиш учун Агентликка ёки у танлаган тадбиркорлик субъектига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан ажратилиши, бунда инвестиция лойиҳасининг қиймати 10 миллион АҚШ долларидан кам бўлишига, энг яхши таклифни танлаш бўйича танлов ўтказилмаслигига, олдиндан махсус ҳисобвараққа пул жойлаштирмасдан ҳамда ер участкаларининг аниқ рўйхатини ер ижараси шартномаларида белгилаш шарти билан ер участкаларини реализация қилишга, истисно тариқасида, рухсат берилгани;
захирадаги ер участкаларини ижарага олган тадбиркорлик субъектлари Агентлик томонидан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосларда белгиланган шартларга мувофиқ янги боғларни барпо этиш мажбуриятини олиши, янги боғларни барпо этишда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланилмайдиган тақдирда, уларга фақат техник шарт берилиши;
Агентлик ўзига ижара ҳуқуқи билан ажратилган ер участкаларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида тадбиркорлик субъектларига қайта ижарага бериш ҳуқуқи берилган эди.
ЎзА