Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган мажлисида Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаевнинг Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Вазир томонидан тақдим этилган ахборотга кўра, Стратегияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйича 3 миллион 148 минг гектарга қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилди. Бунда ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароити, сув ресурслари билан таъминлангани, аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби инобатга олинган.
Шунингдек, фойдаланишдан чиққан ва янги ерларни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 15 декабрь ҳолатига республика бўйича жами 218 минг гектар, шундан 95,3 минг гектар қайта фойдаланишга киритиш, 102,8 минг гектар ер ости захира сувлари, 15,4 минг гектар лалми-яйлов ерларга сув талаб қилмайдиган экинларни жойлаштириш ҳисобидан ҳамда 5 минг гектар ўрмон фонди ерлари фойдаланишга киритилди.
Ушбу майдонларнинг 197,8 минг гектарига қишлоқ хўжалиги экинлари, шундан 27,5 минг гектарига озуқа экинлари, 4,5 минг гектарига шоли, 18,2 минг гектарига дуккакли, 7,9 минг гектарига мойли, 12,6 минг гектарига сабзавот, 16,2 минг гектарига полиз ва 43,9 минг гектарига бошқа экинлар жойлаштирилди. Энг муҳими, 40,5 минг гектар боғ, 26,5 минг гектар токзорлар барпо этилди.
[gallery-5169]
Вазирнинг қайд этишича, 2022 йилда республикада 122 минг гектар майдонга картошка экиш режалаштирилмоқда. Бу эса картошка импортини камайтиришга эришишда муҳим ҳисобланади.
Ахборотда келтирилганидек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш мақсадида халқаро стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган даврда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан сифат менежменти талаблари асосида жами 392 та сертификат олинган.
Стратегия доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон “Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги” индексида 2021 йилда 113 та мамлакат орасида 53.8 балл билан 78-ўринни эгаллаб, 5 поғона юқорига кўтарилди.
Ўтган даврда мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 28 та корхона, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 31 та корхона, ун, нон ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 162 та корхона, гўштни қайта ишлаш 12 та, сутни қайта ишлаш бўйича 44 та, бошқа озиқ-овқат йўналишидаги 186 та корхона фойдаланишга топширилган. Бунинг натижасида 5 минг 982 та янги иш ўринлари яратилган.
Қишлоқ хўжалиги вазири таъкидлашича, мамлакатимизда аҳолига янги иш ўринларини яратиш, ёшларни мақсадли иш билан банд қилиш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятлари яратилиб, 0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдонларини ажратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 175 минг гектар ер майдонлари 613,5 минг нафар ёшларга ажратиб берилди.
Соҳада маълумотлар очиқлиги асосида, илғор хорижий ва маҳаллий инновацион тажрибаларни қўллаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерлари тўғрисидаги аниқ ва шаффоф маълумотларни шакллантириш, таҳлил қилиш ва янги хизмат турларини яратиш мақсадида Вазирликнинг Геоахборот тизими жорий этилди.
Ялпи мажлисда Стратегия доирасида қилинган ишлар эътироф этилди. Халқ вакиллари ўз сайлов округларидаги муаммолар юзасидан саволларини бердилар. Шунингдек, ушбу соҳада аниқланган камчиликлар борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА