Қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил навларини яратишда Хитой билан ҳамкорлик
Айни кунларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигида Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган делегация аъзолари Хубэй провинсиясидаги дунёга машҳур "Xinjiang Jinghua Seed" уруғчилик компаниясининг тармоқ ташкилоти фаолияти билан танишди.
Маълумотларга кўра, "Xinjiang Jinghua Seed" уруғчилик компанияси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг юқори авлодли уруғликларини етиштириш билан шуғулланади. Компания олимлари томонидан кашф қилинган инновацион технологиялар эса дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Хусусан, улар ғўзага Вт генини ўтказишнинг замонавий ва тезкор усулини ишлаб чиққан бўлиб, бу жараён анъанавий backcross усулига нисбатан анча самарали экани билан ажралиб туради. Анъанавий усулда Bт генини ғўзага ўтказиш 2-3 йил талаб қилса, янги технология ёрдамида 8 ой кифоя қилади.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази маълумотига кўра, делегация аъзоларини қизиқтирган яна бир муҳим янгилик – тола чиқимини 45 фоиздан оширишни назорат қилувчи ген бўлди. Бу технология пахта толасининг ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Ушбу янги технологиялар ўзимизда ҳам татбиқ этилса, маҳаллий пахта навларининг тола чиқимини оширишга катта ҳисса қўшади. Бу эса пахта хомашёсини қайта ишлаш самарадорлигини юксалтириш, миллий иқтисодиётга салмоқли фойда келтириш ва фермерлар даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда "Xinjiang Jinghua Seed" уруғчилик компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Келишувга кўра, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида қишлоқ хўжалик экинларининг серҳосил нав ва дурагайларини яратишда ҳамкорлик қилинади. Уруғчиликни ривожлантириш маркази билан ғўза ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинларининг уруғчилиги ривожлантирилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА