Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашга оид низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалиги субъектларига қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда суғурта мукофоти учун тўлов харажатларининг бир қисмини қопалаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда суғурта мукофоти учун тўлов харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур низом:
қишлоқ хўжалиги субъектларига қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда суғурта мукофоти учун тўлов харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича талаб этиладиган ҳужжатлар ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби;
субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосани қабул қилиш ва субсидия ажратиш тартиби;
суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилинганда, шунингдек, суғурта ҳодисаси содир бўлмаганда ва (ёки) суғурта товони тўланмаган бўлса, суғурта шартномаси бўйича қоплаб берилган суғурта мукофотининг фойдаланилмаган даврига мутаносиб қисмини қайтариш тартиби белгилаб берилган.
Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси суғурта компаниялари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда табиий ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар учун алоҳида хавф-хатарларни ҳамда табақалашган суғурта тарифларини жорий этади.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда аджастер, актуар ва сюрвейер хизматларини тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил этади ҳамда уларнинг фаолиятини сертификатлаш, реестрини юритиш ва назорат қилишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.
Иқлим ўзгаришига оид табиий офатлар билан боғлиқ маълумотлар доимий шакллантирган ҳолда электрон платформаларга интеграция қилинади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади. Билим ва кўникмаларга эга тажрибали агрономлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш жараёнларига жалб қилинади.
Ушбу Низом бевосита қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларига нисбатан татбиқ этилади.
ЎзА