Қиш синовларига тайёргарлик кучайтирилди
Сирдарё иссиқлик электр станциясида 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида энергия қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш, объект хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири — Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг буйруғига мувофиқ ташкил этилган тадбирда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда станция масъул ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб этиладиган куч ва воситаларнинг шайлиги кўриб чиқилди. Йиғма отряд саф кўригидан ўтказилиб, хизматларнинг техник жиҳозланганлик ҳолати, махсус техника ва ускуналарнинг ишга тайёрлиги ўрганилди.

Шундан сўнг станция ҳудудида шартли фавқулодда вазиятлар сценарийлари асосида махсус-тактик машқлар ўтказилди. Амалий машғулотларда 194 нафар ишчи-ходим ва 25 та махсус техника иштирок этди.

Машқлар давомида шартли авария ҳолатида ходимларнинг ҳаракатланиши, куч ва воситаларни белгиланган ҳудудларга тезкор сафарбар этиш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф қилиш ҳамда объектда хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифалар бажарилди.


— Бугунги ўқув машғулоти фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор ва ҳамжиҳат ҳаракат қилиш бўйича тайёргарлигимизни синовдан ўтказди. Айниқса, куз-қиш мавсумида электр станциясининг барқарор ва хавфсиз ишлаши муҳим. Шу боис ходимларнинг фавқулодда ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиши, куч ва воситаларни тезкор сафарбар этиши ҳамда ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланиши мунтазам машқ қилиб борилиши зарур. Бундай тадбирлар мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга ҳам ёрдам беради, — дейди Сирдарё ИЭС филиали (ОФВБ) объектларида фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Адҳамжон Рустамов.

Ўқув машғулоти жараёнида станциянинг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам баҳоланди. Ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тезкор қарор қабул қилиши, белгиланган вазифаларни бажариши ва турли хизматлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши амалда синовдан ўтказилди.

Тадбир якунида машғулот давомида аниқланган ҳолатлар таҳлил қилиниб, мавсумни барқарор ўтказиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ва фавқулодда вазиятларга шайликни янада ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.


Мазкур амалий машғулот Сирдарё ИЭСда куз-қиш мавсумида электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни узлуксизлигини таъминлаш билан бир қаторда, эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёр туриш ва уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этиш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири