Қирғизистоннинг афсонавий спортчиси Тошкентда шарафланди
Спорт фақат ғалаба ва мағлубият, рақобат ва курашдан иборат эмас, балки турли миллат ва давлат вакилларини бир майдонда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва бирдамлик ришталари теграсида жамлайдиган улкан кучдир.
Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтаётган қитъа биринчилиги доирасида ўтказилаётган тадбирлар айнан шундай дўстлик ва ҳурматнинг ёрқин намунасини ўзида ифода этмоқда.
Осиё чемпионати баҳсларини бевосита “Олимпия шаҳарчаси”да кузатаётган Қирғизистоннинг афсонавий спортчиси, Олимпия ўйинлари ғолиби, тўрт карра жаҳон ва икки карра Европа чемпиони Қанибек Османалиевга халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ўз навбатида қирғизистонлик афсонавий спортчи эътибор ва ҳурмат учун миннатдорлик билдириб, Янги Ўзбекистон спортидаги юксалишларга юқори баҳо бериб, давлатимиз томонидан халқларни бирлаштириш, авлодларни дўстлаштириш ва эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган эзгу ишларни алоҳида эътироф этди.
Т.Рўзиев, ЎзА