Андижонда “Марказий Осиё ёшлар форуми” доирасида "Ўзбекистон-Қирғизистон" ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда.
Андижон темирйўл вокзалида "Ўзбекисон – Қирғизистон" ёшлари форумида қатнашиш учун Қирғизистондан ташриф буюрган ёшлар тантанали кутиб олинди.
Икки қўшни халқ миллий куй ва қўшиқлари янраган кутиб олиш тадбири ҳақиқий ёшлар байрамига айланди. Қирғизистонлик меҳмонлар жойлашган Андижон шаҳридаги “Vella Elegant” меҳмонхонаси конференц-залида бўлиб ўтган мулоқотда икки қўшни халқ, умуман, Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро ёшлар форумининг мақсади, аҳамияти хусусида сўз юритилди.
–Ёшлар ҳар қандай давлатнинг эртаси, порлоқ келажагини таъминлувчи улкан куч, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Ана шу куч, дўстлик, ҳамкорлик алоқалари қанчалик мустаҳкамланса, нафақат юртимиз, балки минтақа, яъни Марказий Осиё тараққиёти янада юксалишига асло шубҳа йўқ.
Ўзбек ва қирғиз ёшларининг фаол иштирокида ўтган мулоқот фикрлар, мақсадлар уйғунлигини кўрсатди. Шундан сўнг қирғизистонлик ёшлар Андижон шаҳридаги "Ёшлар технопарки" фаолияти билан танишди.
Ёшларнинг IT соҳасидаги билим ва салоҳиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган Андижон шаҳридаги “Ёшлар технопарки”да қатор лойиҳалар доирасида ёшлар 3Д моделлаштириш, робототехника, график дизайн ва дастурлаш йўналишлари ва бошқа замонавий касбларга ўқитилмоқда.
Форум қатнашчилари "Ёшлар технопарки" ҳамда бу ерда ташкил этилган "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти билан яқиндан танишди. Марказда ёшлар учун яратилган шароитлар, уларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган "Ўзбекистон – Қирғизистон" ёшлари форуми қатнашчилари юртимиздаги маҳаллабай ишлаш тизими билан танишиш, маҳаллаларда жорий этилган ёшлар етакчиси лавозими ва улар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон шаҳридаги “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
Ёшлар етакчиси томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишилди, маҳаллада фаолият олиб бораётган тадбиркор, ҳунарманд ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди. Шундан сўнг форум қатнашчилари иштирокида Андижон шаҳридаги “Экопарк”да маданий кўнгилочар тадбир ўтказилди.
Қирғизистонлик ёшлар шу куни Андижон шаҳридаги 350 нафар томошабинга мўлжалланган, майдони 20х40 метр бўлган, замонавий, барча қулайликларга эга "Iсe rink" муз саройида бўлишди. Қишки спорт турларини ривожлантириш, маданий тадбирлар ўтказишга ихтисослашган мазкур мажмуа меҳмонларга манзур бўлди.
Андижонда "Ўзбекистон – Қирғизистон" ёшлар форуми давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),ЎзА