Қирғизистон ва “Geely Auto” қўшма корхона ташкил этади
“Кабар” ахборот агентлиги ёзишича, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев Хитойга амалий ташрифи доирасида Ханчжоу шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда иштирок этиб, маҳаллий ишбилармонлар билан ҳам учрашди.
Хусусан, ҳукумат раҳбари “Geely Auto Group” компанияси бош қароргоҳида корпорация раҳбарияти билан мулоқот ўтказди. Делегация аъзоларига корхонанинг техник имконияти, фаолият йўналишлари, миссияси ҳамда салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Томонлар алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлаб, Қирғизистон ҳудудида қўшма корхона ташкил этиш ҳамда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси барпо этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Музокара якунида ушбу ташаббусни атрофлича ўрганиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
“Geely” автомобилсозлик концерни “Geely”, “Lynk”, “Co, Zeekr”, “Volvo”, “Polestar”, “Proton” ва “Lotus” каби машҳур брендларни бирлаштирган. Шунингдек, компания дунё бўйлаб 5 йирик илмий-тадқиқот маркази ва 10 дан зиёд ишлаб чиқариш мажмуасига эга. Маҳсулотини 100 дан кўп мамлакат ва минтақага етказади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА