Қиличбозлик: Вакилларимиз Осиё чемпионати бронза медалига сазовор бўлди
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида қиличбозлик бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Унда қиличбозларимиз муваффақиятли иштирок этмоқда.
Мусобақанинг жамоавий баҳсларида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси шпагa йўналишида бронза медалини қўлга киритди. Мамлакатимиз шарафини Мейирхан Тимуров, Камолиддин Ахтамов, Асилбек Ибодуллаев ва Авезбек Наимовдан иборат жамоа ҳимоя қилди.
Жамоавий баҳслар якунига кўра, Қозоғистон терма жамоаси олтин, Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди вакиллари кумуш медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳамда Хитой Тайпейи жамоалари учинчи ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча чемпионатнинг эркаклар ўртасидаги рапира бўйича шахсий баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Улуғбек Усмонов бронза медалига сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА