Қайтиш чиптаси: Грант, орзу ва йўл…
Хориждаги нуфузли университетларда таҳсил олиб, орттирилган билим ва тажрибани Ватан тараққиётига йўналтираётган ёшлар бугун Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Уларнинг муваффақияти тарихи, ҳаётий тажрибаси ва замонавий қараши минглаб ёшлар учун илҳом манбаи бўлиши шубҳасиз.
ЎзА янги “Қайтиш чиптаси” лойиҳасини йўлга қўйди. Энди биз “Эл-юрт умиди” жамғармаси йўлланмасини қўлга киритиб, хорижда ўқиган ёки айни пайт таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар билан мунтазам суҳбатлашамиз. Асосий мақсад – сара ёшларимизнинг ҳаёт йўли, халқаро тажрибаси, касбий кўникмаси ва мамлакат тараққиёти учун қилаётган ишларини кенг жамоатчиликка етказиш, кейинги авлодни янги марралар сари илҳомлантириш.
Илк меҳмонимиз Буюк Британиядаги “Reading” университети битирувчиси, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази етакчи мутахассиси Жононахон Бердиева.
Қаҳрамонимиз дастлаб INHA университетида муҳандисликка ўқиган. Кейинчалик Буюк Британияда рақамли инновация йўналишида таҳсил олиб, халқаро тажриба орттирган. Бугун эса “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларни таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш йўналишида фаолият юритяпти.
Унинг муҳим ташаббусларидан бири – “STEAM Woman” лойиҳаси. Шахсий тажрибаси асосида йўлга қўйилган мазкур ташаббус қизлар ва аёлларнинг ахборот технологияси ҳамда рақамли соҳадаги салоҳиятини ривожлантириш, менторлик имкониятини кенгайтириш ва инклюзив профессионал муҳит шакллантиришга қаратилган.
Суҳбатимиз давомида Жононахон талабалик даврида бошидан кечирган таъсирли воқеалар, халқаро таълим муҳити шакллантирган дунёқараш, рақамли ҳукумат тизими истиқболи, замонавий ёшлар эгаллаши зарур бўлган кўникма ҳамда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнига қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўзлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UbsUdiT2-ig?si=wD37KKVemGL4dqrC" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
ЎзА