Қайта ишлаш қуввати — экспорт имконияти
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманидаги Хўжаобод маҳалласида жойлашган «MEVAS JUISE» масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
22 гектар майдонни эгаллаган корхонада 45 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш жараёни учун зарур бўлган асосий хомашё — олма маҳаллий фермер ва деҳқон хўжаликларидан харид қилинади. Шунингдек, корхона эҳтиёжидан келиб чиқиб, Қирғизистондан ҳам олма олиб келинади.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлиб, бир суткада 250 тоннагача олмани қайта ишлаш имконияти мавжуд. Хомашёни қабул қилишдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараёнлар замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида ташкил этилган.
Корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга. Айни пайтда экспорт ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва маҳсулот турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 2 миллион долларга яқинни ташкил этади.
[gallery-31479]
Тадбиркорлик субъектида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш билан бирга, уларни модернизация қилиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Корхона фаолиятида маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш эса Поп туманининг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА