Қайси турдаги меҳмонхоналар давлат томонидан ажратиладиган имтиёз ва субсидиялардан фойдалана олади?
Ўзбекистоннинг халқаро имижи ошиб бориши бир қатор омилларга боғлиқ.
Бу борада миллий урф-одат ва маданият, туризм объектлари ва ҳудудлари, транспорт тизими, хусусан, аэропорт ва албатта, талаб даражасидаги вақтинчалик турар жойлар, замонавий меҳмонхоналар ривожи муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 июлдаги тегишли қарорига асосан янги меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисми Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Субсидия миқдори меҳмонхонанинг юлдузли тоифасига қараб 3 юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 миллион сўм, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарга эса ҳар бир хона учун 65 миллион сўм тўланади.
Қайд этиш лозимки, субсидия олишда меҳмонхоналар учун зарур талаблар белгилаб берилган. Хусусан, 3 юлдузли тоифадаги меҳмонхона камида 60 та хонага эга бўлиши, 4 ва 5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналар камида 120 та хонага эга бўлиши, бинонинг қаватлар сони бештадан кам бўлмаслиги, объект 2026 йил 31 декабргача фойдаланишга топширилиши лозим. Бундан ташқари субсидия фақат янги қурилган объектларга тўланади, реконструкция қилинган биноларга татбиқ этилмайди.
Пойтахтда белгиланган имтиёз доирасида ўз фаолиятини бошлаган меҳмонхоналарга тақдим этилган субсидияларни топшириш маросими ўтказилди.
Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш учун жуда қулай шароитлар яратилгани, давлат томонидан тақдим этилаётган субсидиялар, имтиёзлар ва инвесторларга кўрсатилаётган амалий кўмак йирик халқаро лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Бу каби қўллаб-қувватлаш нафақат сармоядорларни рағбатлантириши, балки халқаро стандартларга жавоб берадиган меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
– Бундай лойиҳалар давлат субсидиялари ва инвесторлар ташаббуси уйғунлигида амалга оширилиб, мамлакат иқтисодиёти учун бир қатор ижобий натижалар беради, – дейди Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Тожиев. – Энг аввало янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий мутахассислар халқаро стандартлар асосида тайёрланади, меҳмонхона хизматлари соҳасида рақобатбардош муҳит шаклланади. Халқаро брендларнинг кўпроқ жалб этилиши эса Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига хорижий инвесторлар ишончини оширади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА