Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида Канада, Малайзия, Сингапур, Япония, Ҳиндистон, Таиланд, Италия, Германия каби мамлакатларда мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатларга бўлган талаб юқори бўлган.
МҲТИ етакчи мутахассиси Абдусаттор Абдумўминовнинг таъкидлашича, айнан шундай талабни қондириш ва ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича Фарғона, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси яхши имкониятга эга.
–Қайд этилган мамлакатларга экспортни доимий равишда йўлга қўйиш мазкур ҳудудларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йилда жами 1,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида сабзавотлар (563,4 млн. доллар) ва мевалар (547,6 млн. доллар) экспорт қилинган. Шунингдек, ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола, гилам ва тери маҳсулотларига АҚШ, БАА, Буюк Британия, Нидерландия, Япония, Франция, Ҳиндистон, Индонезия каби мамлакатларда талаб юқори экани аниқланди. Ушбу товарларни экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган Наманган, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларидаги тадбиркорлар учун мазкур бозорларга чиқиш имкониятлари мавжуд. 2023 йилда эса Ўзбекистоннинг тўқимачилик материаллари ва маҳсулотлари экспорти 3,1 миллиард долларни ташкил этган, – деди А.Абдумўминов.
Маълумки, Ўзбекистон ўғитлар ва кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳам нисбий устунликка эга. Мазкур маҳсулотларга асосан АҚШ, Буюк Британия, Франция, Австралия, Канада, Корея Республикаси, БАА, Японияда талаб катта. Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни нисбатан пастроқ харажатлар эвазига экспорт қилиши мумкин.
2023 йилда бу борадаги натижаларга кўра, ўғитлар экспорти 337,1 миллион долларга тенг бўлган.
Илмий муассаса мутахассисининг фикрига кўра, Ҳиндистон, АҚШ, Япония, Германия, Франция, Италия, БАА, Вьетнам, Таиланд каби мамлакатлардаги кўпгина буюртмачиларга қурилиш материаллари, рух маҳсулотлари ва мис маҳсулотлари зарур экани аниқланган. Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти етарлидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА