Қатар “Volkswagen” ва Исроил ҳарбий ҳамкорлигини инкор этди
Германиянинг “Bild” нашри хабарига кўра, “Volkswagen” концернининг учинчи йирик акциядори – Қатар суверен жамғармаси Оснабрюкдаги заводда Исроилнинг “Rafael” мудофаа ширкати учун ҳарбий аслаҳа ва ракета бўлаклари ишлаб чиқариш режасини рад этди ва ҳамкорликни тўхтатди.
Аввалроқ ушбу машҳур автомобиль концерни раҳбари Оливер Блюме 2027 йилдан заводда енгил машина чиқарилиши тўхтатилиши, корхонани ҳарбий соҳага мослаштириш бўйича музокара олиб борилаётганини тасдиқлаган эди. Бинобарин, ташаббус Германиянинг ўзидаёқ кескин норозиликка сабаб бўлди. Концерн ишчилари, тинчликпарвар ташкилотлар ва мухолифат вакиллари “Volkswagen” фақат тинчлик мақсадида маҳсулот яратиши лозимлигини талаб қилишди. Айниқса, Германиянинг “Сўллар” партияси Исроил ҳукуматининг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракати ҳамда Ғазодаги инқироз сабаб, бундай ҳамкорликни мутлақо қабул қилиб бўлмас қадам, деб атади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА