Қатағон: болалар ҳам бу сиёсатдан четда қолмаган...
Ўтган асрнинг энг машъум қатағон сиёсати собиқ СССР ҳудудидаги минглаб, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритгани билан тарихнинг энг қора саҳифаларидан бири бўлиб қолди.
Бу даврда нафақат зиёлилар, давлат арбобларию дин уламолари, балки уларнинг яқинлари, вояга етмаган фарзандлари ҳам оғир азоб-уқубатларга гирифтор қилинган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозиция бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори ( PhD) Азизахон Аҳророва бу даврга оид ҳужжатларга асосланган ҳолда ЎзА мухбирига қуйидагилрани сўзлаб берди:
— Совет давлати 1937-1938 йилларда авж олган “Катта қирғин” даврида нафақат бегуноҳ инсонларни, балки уларнинг аёли ва фарзандларини ҳам аёвсиз жазолади. Бу тадбирлар СССР НКВДнинг 1937 йил 15 августдаги “Ватан хоинларининг аёллари ва фарзандларини қатағон қилиш тадбири тўғрисида”ги буйруғига асосан амалга оширилди. Демак, қатағон даври аёл ва ёш болаларни ҳам четлаб ўтмаган.

Таъкидлаш лозимки, жазо органлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур дастурда инсоний ҳуқуқлар умуман эътиборга олинмади. Жумладан, юқоридаги буйруқда ҳибсга олинган шахсга тегишли бўлган барча мол-мулк мусодара қилиниши, судланганларнинг хотинлари ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, 5-8 йилдан кам бўлмаган муддатга лагерларга озодликдан маҳрум қилинишига оид бандлар мавжуд эди. Шунингдек, маҳкумларнинг ижтимоий хавфли болалари, уларнинг ёшига, хавфлилик даражасига ва тузатиш имкониятларига қараб НКВД лагерларида ёки ахлоқ тузатиш колонияларида қамоққа олиниши ёки Халқ Таълими Комиссарлигининг махсус режимдаги болалар уйларига жойлаштирилиши мумкин бўлган.
Албатта, совет ҳукумати ўз режимини мустаҳкамлаш жараёнида жамиятнинг нозик қатламларини шундай жазолаш усулларини ишлаб чиқишган. Кейинчалик 1970 йилларда “катта қирғин” даврида СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси бўлган В.М.Молотов билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлган Феликс Чуев ундан “нега қатағонлик аёллар ва болаларга нисбатан қўлланилди?” деб сўраганда, у шундай жавоб беради: “Уларни чеклаш керак эди, бўлмаса улар турли шикоятлар тарқатишар эди”.

Бундан ташқари, буйруққа кўра, 1-1,5 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни Наркомздрав ясли ва болалар уйларига, 3 ёшдан 15 ёшгача болаларни бошқа республика, ўлка ва вилоятлардаги болалар уйларига (Москва, Ленинград, Киев, Тбилиси, Минск ҳамда чегара ва денгиз бўйи шаҳарларига жойлаштириш ман этилган), 15 ёшдан катта «ижтимоий хавфли» деб топилган болалар эса лагерь, меҳнат тузатиш колониялари ёки махсус режимли болалар уйларига юборилган.
Буйруқнинг 36-бандига кўра, кейинчалик барча «хоин»ларнинг хотинлари эрлари билан бир вақтда ҳибсга олиниши лозим эди. Бу қоида 1938 йил октябрида бироз юмшатилган бўлса-да, оилавий жазолаш амалиёти давом этган.
Тарихий манбаларга кўра, мазкур буйруқ асосида тахминан 18 минг аёл ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти махсус лагерларга ва бошқа ГУЛАГ муассасаларига юборилган. Шу билан бирга, 25 мингга яқин бола ота-оналаридан ажратилган ва болалар уйларига жойлаштирилган. Операция 1937 йил 25 октябргача якунланиши белгиланган бўлса-да, амалиётда у узоқ давом этган.
Москва, Ленинград ва бошқа йирик шаҳарларда минглаб оилалар жабр кўрган. Масалан, Москвада 3 мингдан ортиқ, Ленинградда 1,5 мингга яқин аёл ҳибсга олинган. Буйруқ нафақат эркакларни, балки бутун оилани “ижтимоий хавфли унсур” сифатида қайта таърифлаган. Бу эса қатағон сиёсатининг янги босқичини белгилаган.
Бу даврда кўплаб оилалар бутунлай вайрон бўлган. Аёллар турмуш ўртоқларининг тақдирини билмаган ҳолда лагерларга юборилган, кўп ҳолларда уларнинг ҳаёти ҳақида умуман маълумот олмаган. Болалар эса “халқ душманининг фарзанди” деган тамға билан ўсган. Болалар уйларида улар кўпинча исм-шарифларини ўзгартиришга мажбур бўлган, ота-оналари ҳақида гапириш ман этилган.
Кейинги йилларда бу болалар мактабда, ишга жойлашишда, ҳатто олий ўқув юртларига киришда ҳам тақибга учраган. “Халқ душмани оиласи” деган тамға уларнинг бутун ҳаётига соя солган. Жамиятда қўрқув муҳити кучайган. Одамлар бир-биридан ҳадиксираган, оилавий алоқалар заифлашган. “Халқ душмани” билан алоқа қилиш ҳам хавфли ҳисобланган. Бу ҳолат жамиятининг ижтимоий тузилишига чуқур таъсир кўрсатган.
Ўзбекистонда ҳам юқоридаги буйруқ бўйича чоралар амалга оширилган. Миллий зиёлилар, жадидлар, партия ва совет идораларидаги «миллатчи» деб айбланган раҳбарларнинг оила аъзолари шу тартибда қатағон қилинган. Кўплаб аёллар ва болалар бошқа республикаларга юборилган, оилавий алоқалар узилган. Бу ҳолат миллий зиёли қатламнинг бутунлай йўқ қилинишига олиб келган омиллардан бири бўлган. Натижада Ўзбекистон маданияти, адабиёти ва илм-фани оғир йўқотишларга учраган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумикинки, НКВД СССРнинг юқоридаги оператив буйруғи қатағон сиёсатининг энг шафқатсиз томонларидан бирини намоён этади. У минглаб оилаларни вайрон қилган, болалар онгида чуқур психологик жароҳат қолдирган ва жамиятда узоқ йиллар давом этган қўрқув муҳитини шакллантирган. Бу ҳужжатни ўрганиш тарихий ҳақиқатни тиклаш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, у ҳозирги ва келажак авлодларга инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва оила дахлсизлиги қанчалик қадрли эканлигини эслатиб туради.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.