Қасри Орифон қишлоғи “туризм қишлоғи” мақомини олди
Шу муносабат билан Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган “Қасри Орифон” туризм қишлоғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда туризм соҳасига берилаётган эътибор, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқлари орқали ҳудудлар иқтисодиёти ва жозибадорлигини ошириш имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур қишлоқ қадимий тарихий обидалари, зиёратгоҳлар ва миллий анъаналарни сақлаб келаётганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, “Қасри Орифон” қишлоғи машҳур авлиё Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига яқин жойлашгани билан ҳам кўплаб сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Йил давомида бу ерга минглаб маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Албатта, бу каби туризм қишлоқлари нафақат сайёҳлар учун янги манзиллар, балки маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи, маданий меросимизни асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг самарали усулидир.
[gallery-24444]
Тадбир доирасида Туризм қўмитаси томонидан “Қасри Орифон” қишлоғига “туризм қишлоғи” мақоми берилганлиги тўғрисидаги сертификат тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг, туризм қишлоғида янги ташкил этилган туристик объектлар билан таништириш мақсадида туризм соҳаси вакиллари учун инфотур ташкил этилди. Меҳмонлар қишлоқдаги замонавий инфратузилма, меҳмон уйлари, ҳунармандчилик устахоналари ва бошқа туристик имкониятлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, иштирокчилар Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди, Қуръон тиловат қилиниб, дуога қўл очилди.
Тадбирда Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.