Деҳқонободлик Абдураҳмон Худойқулов 14 йилдан буён ўзига бириктирилган “ЗИЛ-130” русумли махсус техникасида аҳолига суюлтирилган газ баллонлар етказиб беради. Аммо кейинги йилларда машинаси эскиргани сабабли турли носозликлар келиб чиқаётганди. Бу эса унинг иш унумдорлигига ҳам салбий таъсир қилаётганди. Бугун кўпчилик қатори Абдураҳмон Худойқуловга ҳам янги ва замонавий машина калити топширилди.
– Соҳамизга қаратилаётган эътибордан очиғи жуда қувониб кетдим, – дейди А.Худойқулов. – Чунки машинам эски ва кўп бузиларди. Қиш-қировли кунларда ўт олиши қийин эди. Шу боис вақтида газ баллонларини манзилга етказиб бера олмасдим. Энди эса бундай муаммо бўлмайди. Илгари юзта хонадонга газ баллон етказган бўлсам, янги техникада 110-115 та хонадонга маҳсулот олиб бораман. Бу техникада ҳайдовчи учун ҳам кўплаб қулайликлар бор экан. Қисқаси, иш сифати ошади энди.
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ ташишга мўлжалланган эски транспорт воситалари ўрнига янги 15 та “Изузу” русумли замонавий, махсус автотранспорт воситалари топширилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими М.Азимов ҳам иштирок этиб, иштирокчиларни байрам билан қутлади ва ҳайдовчиларга машиналар калитини топширди.
Жумладан, Деҳқонобод тумани аҳолиси учун 2 та, Яккабоғ туманига 1 та, Ғузорга 1 та, Чироқчига 2 та, Миришкор туманига 1 та, Китобга 2 та Шаҳрисабз туманига 2 та, Қамашига 1 та, Косон тумани учун 1 та ва Кўкдала тумани учун 2 та транспорт воситаси етказиб берилди.
[gallery-24833]
Мазкур автоуловлар ёрдамида вилоятнинг тоғли, олис ва чекка ҳудудларидаги хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу иш сифатини ошириб, таъминот даражаси яхшиланишига хизмат қилади.
Тадбир давомида вилоят раҳбари филиал қошидаги ўқув машғулоти майдони марказида бўлиб, газчи ходимларнинг малакасини ошириш учун қурилган кондаги қазиб чиқариш босқичидан аҳоли хонадонига етказиб беришгача бўлган босқичлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, филиал марказий диспетчерлик хизматида эса таъминотни онлайн таҳлил қилиб боришнинг афзалликлари хусусида суҳбатлашди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, биринчи навбатда аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, захиралар яратиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
– Айни пайтда вилоятда 590 минг 300 нафар суюлтирилгган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, уларга 147 та махсус автотранспорт воситаси ёрдамида суюлтирилган газ етказиб берилади, – дейди филиал ахборот хизмати раҳбари Отабек Маманазаров. – Иш сифатини ошириб, суюлтирилган газ таъминоти барқарорлигини таъминлашда махсус техникаларнинг ўрни ниҳоятда катта. Мисол учун, илгариги юк кўтариш қуввати кам бўлган транспорт воситаларидан воз кечилиб, эндиликда замонавий транспорт воситалари ёрдамида кун давомида 3 минг 500 хонадонга суюлтирилган газ етказилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари