Қашқадарёда замонавий метрологик лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон миллий метрология институтининг Қашқадарё филиалида замонавий метрологик инфратузилмани шакллантиришга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида филиалда масса, босим, физика-кимё, электр, геометрия ва ҳажм йўналишлари бўйича 6 та янги замонавий лаборатория ташкил этилди.
Лабораторияларни жиҳозлаш учун Россия, Хитой, АҚШ ва Европа давлатларидан 19 турдаги замонавий ўлчаш воситалари харид қилинди. Янги ускуналар ўлчаш жараёнларида инсон омилини минималлаштириш, натижаларнинг аниқлиги ва ишончлилигини ошириш, қиёслаш ҳамда калибрлаш ишларини қисқа муддатларда амалга ошириш имконини беради.
Янги лабораторияларнинг ишга туширилиши натижасида корхоналарда фойдаланилаётган ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш хизматларидан бевосита ҳудуднинг ўзида фойдаланиш имконияти кенгайди. Бу хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш, ортиқча вақт ва харажатларни тежашга хизмат қилади.
Метрологик хизматлар кўламини кенгайтириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Хусусан, 2025 йилда вақт ва частота йўналишида имкониятлар кенгайтирилиб, механик секундомерларни қиёслаш соҳаси жорий этилди. Филиалнинг калибрлаш лабораторияси аккредитациядан ўтказилиб, босим йўналишида манометрларни калибрлаш соҳасида аккредитация олинди.
[gallery-31004]
Шунингдек, филиалнинг қиёслаш лабораторияси Ўзбекистон аккредитация маркази томонидан ўтказилган даврий баҳолашдан муваффақиятли ўтди. Масса йўналишида хизматлар кўлами кенгайтирилиб, 3 минг килограммгача бўлган механик ва электрон дозатор тарозиларни қиёслаш имконияти яратилди.
Ташкил этилган янги лабораториялар ва жорий этилган хизмат турлари Қашқадарёда метрологик инфратузилмани янада такомиллаштириш, корхона ва ташкилотларнинг замонавий метрологик хизматларга бўлган эҳтиёжини тезкор ва сифатли қондиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Қарши давлат техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
– Мазкур ҳужжат таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди университетдаги “Метрология ва материалшуносилиги” кафедраси мудири Олим Эшқобилов. – Меморандумда илмий-тадқиқот лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш, ўқув-методик, ишлаб чиқариш ишларида ўзаро илмий-амалий тажриба алмашиш, тегишли йўналишлар бўйича дуал таълим шаклида ва масофавий ўқитишни ташкил этиш каби масалалар белгиланган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари