Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида сув таъминоти борасида яна бир янгилик – республикада биринчилардан бўлиб “ақлли” сув тарқатиш шохобчаси иш бошлади.
Объектнинг фойдаланишга топшириш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, секторлар раҳбарлари, тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Хўш, ақлли сув тарқатиш шохобчасининг афзалликлари нималардан иборат?
“Қашқадарё сув таъминоти” АЖ мутахассисларининг маълум қилишича, илгари бу каби шохобчалар тартибсиз ишлатилган, яъни сув қуювчи гусаклардан қанча сув олинаётгани, қанча нархга сотилаётганини ҳисоб-китоби юритилмаган.
[gallery-19126]
Энди эса бу жараён автоматлашган ҳолатда 24 соат давомида ишлайди. Энг муҳими, шохобчасидаги гусаклар инсон омилисиз ишлайди. Бунда сув ташувчи смартфонига ўрнатиб олинган махсус мобил илова орқали танлаган колонкасига келиб, ўзига керакли сув миқдорини белгилайди. Таблода сув миқдори, сўммаси кўринади ва старт тугмасини такрор босгандан кейин керакли сув миқдори қувур орқали мижозга етказиб берилади.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил қилган энергия тежамкор мазкур лойиҳа Қарши шаҳрида республикада биринчи бўлиб амалга оширилган. Бу эса шохобчадан ташиб кетилаётган сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, тушаётган маблағларни ҳам тўлиқ назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, тадбир давомида “Қашқадарё сув таъминоти” АЖнинг ҳудудий филиалларига авария-тиклаш бригадалари учун махсус жиҳозланган 14 та “DAMAS-VAN” русумли автомашиналар ва Қарши шаҳар филиалига бир дона экскаватор топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари