Қашқадарё вилоятининг Косон туманида “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган пресс-тур давомида ўрим-йиғим мавсумига кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар дастлаб “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясига қарашли “Косон дон маҳсулотлари қабул қилиш” МЧЖ фаолияти билан танишди. Бу ерда туманда ғалла ўримида иштирок этадиган комбайнлар намойиши ўтказилди. Туман ҳокими ва вилоят сектор раҳбарлари иштирокида комбайнларнинг техник ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, механизатор ва операторларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Маълумотларга кўра, Косон туманида 2025 йилги ғалла ҳосили учун 1 минг 328 та фермер хўжалиги томонидан 18 минг 500 гектар майдонда бошоқли дон етиштирилган. Мўлжал бўйича жами 43 минг 200 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда, шундан 38 минг 849 тоннаси товар дон, 4 минг 351 тоннаси уруғлик донни ташкил этади.
Бу ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш учун 23 та ўрим отряди шакллантирилган. Уларга 46 та ғалла ўриш комбайни, 219 та юк автомобили, 8 та кўчма ёнилғи қуйиш агрегати ва 17 та кўчма таъмирлаш устахоналари бириктирилган.
Пресс-тур доирасида “Косон дон маҳсулотлари қабул қилиш” МЧЖдаги лаборатория, электрон тарозилар ҳамда буғдой сақлаш омборлари ҳам кўздан кечирилди.
Шунингдек, “Ўзагроинспекция” Қашқадарё вилояти бошқармаси раҳбари Султонмурод Донаев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда вилоят миқёсидаги ўрим-йиғим ишларига тайёргарлик ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, вилоят бўйича 6 минг 850 та фермер хўжалиги 133 минг 600 гектар ерда бошоқли дон етиштирган. Ушбу майдонлардан жами 334 минг тонна дон топширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 304 минг 433 тоннаси товар дон, 29 минг 567 тоннаси уруғлик донни ташкил этади.
Бу ҳосилни жамлаш учун 152 та ўрим отряди шакллантирилган. Улар таркибида 302 та замонавий ғалла ўриш техникаси, жумладан, 120 та “Кейс” ва “Нью-Холланд”, 126 та “Клаас”, 48 та “Вектор-410” ва 8 та “Жон Деер” русумли комбайнлар иштирок этади. Донни қабул қилиш масканларига етказиб бериш учун 1 минг 738 та юк автомобили, 73 та кўчма ёнилғи қуйиш агрегати ва 119 та таъмирлаш устахонаси жалб қилинган.
Тўпланган ҳосил вилоятдаги “Дунё-М” АЖ, “Қашқадарёдонмаҳсулотлари” АЖ, “Дон халқ ризқи” АЖ ва “Косон дон маҳсулотлари қабул қилиш” МЧЖ каби 10 та дон қабул қилиш корхонаси ҳамда уларга қарашли 13 та масканда қабул қилинади.
Ўзбекистон Миллий метрология институтининг Қашқадарё филиали томонидан 32 та электрон автомобиль ва темирйўл тарозилари таъмирланиб, қиёсловдан ўтказилган ва сертификатлар тақдим этилган.
– 2025 йилги ғалла ҳосилини қабул қилиш жараёнида “Ҳосил қабули” ахборот тизими орқали буғдой қабул қилиш амалиёти жорий этилди, – деди Султонмурод Донаев. – Электрон тарозилар босқичма-босқич ушбу тизимга уланмоқда.
Мониторинг натижаларидан маълум бўлишича, донни сақлаш омборлари таъмирланиб, оқланиб, дезинфекция қилинган. Дон тўкиладиган майдонлар ёритгичлар билан жиҳозланган, брезентлар, ўт ўчириш воситалари ва намуна олиш хоналари тайёрланган. Синов ва ўлчов ускуналари билан таъминланган.
[gallery-23462]
Шу билан бирга, элеваторлар, транспортёрлар ҳолати кўрикдан ўтказилган, лаборатория ходимлари махсус кийим-бошлар билан таъминланган ҳамда зараркунандаларга қарши фумигация ишлари амалга оширилган.
Мавсум давомида назорат тадбирлари доирасида дон қабул қилиш масканларида 38 та огоҳлантирув берилган ва техник жиҳатдан соз бўлган ускуналардан фойдаланиш жорий этилган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари