Қашқадарёда одоб-ахлоқ меъёрларига зид реклама олиб ташланди
Ижтимоий тармоқларда кийим-кечак дўкони рекламасининг миллий ва оилавий қадриятларга зид, одоб-ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган образ ва иборалар асосида тайёрлангани ҳақидаги муҳокамалар жамоатчилик эътиборини тортди.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди. Реклама ролигининг мазмун-моҳиятини баҳолаш мақсадида вилоят Маънавият ва маърифат марказидан ҳам тегишли хулоса олинди.
Хулосага кўра, «vsofiya_stlee» аёллар кийим-кечак дўконининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида жойлаштирилган реклама ролигидаги тасвир ва ҳолатлар ахлоқ ҳамда маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид экани қайд этилган.
Шундан сўнг Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси томонидан реклама саҳифасининг масъул юритувчисига тегишли тушунтиришлар берилди. Натижада ижтимоий тармоқда жойлаштирилган реклама роликлари ихтиёрий равишда олиб ташланиб, контент қонун талабларига мувофиқлаштирилди.
Қайд этиш жоизки, реклама нафақат товар ва хизматлар ҳақида ахборот бериш, балки жамиятдаги умум қабул қилинган қадрият ва меъёрларга ҳам мос бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни 16-моддасига мувофиқ, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланган.
Мазкур ҳолат рекламани тайёрлаш ва тарқатишда нафақат қонун талабларига, балки жамиятнинг маънавий қадриятлари ва одоб-ахлоқ мезонларига ҳам масъулият билан ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири