Қашқадарёда “Мустақиллик тўйи” фестивали юқори кайфиятда ўтмоқда
Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги навбатдаги маданий-маърифий тадбир Китоб туманида бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Халқаро инновацион университет ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль туман марказидаги Истироҳат боғида кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди.

Фестиваль доирасида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, ёш истеъдод эгаларининг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди. Шунингдек, турли маданий-маърифий лойиҳалар, кўнгилочар дастурлар ҳамда аҳоли учун қизиқарли тадбирлар ўтказилди.

Байрам оқшомида таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, жўшқин чиқишлар ва байрамона муҳит туман аҳолиси ҳамда меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Фестиваль 26 июль кунига қадар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Комила Карамова. – Тадбирлар давомида мустақиллигимизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилади.

Таъкидланганидек, “Мустақиллик тўйи” фестивали юртдошларимиз қалбида Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ҳудудлар бўйлаб фестиваль доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири