Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгашининг IX ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Ёпиқ-яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган ҳисобот-сайлов конференциясида 98 та овоз билан амалдаги раис Бахтиёр Жўраев яна 5 йил муддатга қайта сайланди.
Тадбирда иштирок этган Қашқадарё вилоят ҳокими М.Азимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан Шаҳрисабз туманида 30 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, “Гулнора” болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилган. Қарши шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида 103 миллиард сўмлик сув спорти саройи қурилмоқда, шунингдек, Шаҳрисабз туманида 80 миллиард сўмлик санаторий қурилиши бошланиш арафасида.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Бахтиёр Жўраевнинг 2020-2025 йиллар давомида кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда келтирилишича, корхона, ташкилот ва муассасаларда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ишлари ҳам касаба уюшмаларининг доимий эътиборида бўлган.
Ушбу муҳим йўналишда вилоят Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича қарийб 5 миллиард сўм миқдорида ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи тўлаб берилишига эришилган.
Вилоятдаги касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда ҳисобот даврида ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда 51 та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Шундан 21 таси ўлим билан тугаган.
[gallery-24165]
Бахтсиз ҳодисалар сабаблари мутахассислар томонидан таҳлил этиб келинмоқда. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганлар ва боқувчисини йўқотганлиги учун зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга иш берувчилар ва касаба уюшмаси маблағларидан 328 миллион 462 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ва қўшимча тўловлар берилган.
Маълумот ўрнида, вилоятда 616 минг 951 нафар ишчи-ходим касаба уюшмаларига бирлашган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари