Қашқадарёда “Жасорат мактаблари” ўқувчилари тантанали ваъда берди
Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонида Қашқадарё вилоятидаги “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жами 416 нафар “Жасорат мактаблари” ўқувчиси иштирок этди.
Дастлаб майдонда ҳарбий оркестр ва фахрий қоровул отряди иштирокида тантанали марш ўтказилди. Миллий гвардия томонидан ажратилган отлар ҳамда Амир Темур ва унинг аскарлари сиймоси акс этган чиқишлар йиғилганларда яхши таассурот қолдирди. Ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, робототехника ва ўқувчиларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмалари ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
[gallery-31991]
Бўлажак ҳарбий аскарлар она ватани учун астойдил хизмат қилишга тантанали ваъда берди.
Шунингдек тадбир доирасида Шаҳрисабз шаҳар Маданият саройида “Раҳбар ва “Жасорат мактаби” ўқувчилари учрашуви” ҳам ташкил этилди. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳарбийларнинг жанговар чиқишлари ва тайёрланган махсус бадиий сценарий тадбирнинг таъсирчанлигини янада оширди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари