Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
Таъкидланишича, Кўкдала туманида 2025 йил 15 майдан 30 июнь кунига қадар экспортёр тадбиркорлар томонидан 11 миллион 958 минг АҚШ долларлик 62 минг 232 тонна тарвуз маҳсулотларини Қозоғистон, Россия ва Мўғулистон давлатларига экспортга чиқаришга эришилган. Бундан ташқари, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Миришкор, Нишон, Косон туманлари ва Қарши шаҳридаги экспортёр тадбиркорлар томонидан 3 миллион 271 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган.
Ўтган икки ой давомида вилоят бўйича жами 15 миллион 300 минг долларлик 75 минг 160 тонна “Кўкдала” бренди остида тарвуз маҳсулотлари экспортга йўналтирилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган 403 та боғ, 236 та иссиқхона, 1 та қадоқлаш корхонаси хорижий давлатлар фитосанитар талабларига мувофиқлаштирилиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилишига қаратилди.
3 минг 503 та халқаро ва 7 минг 905 та ички фитосанитар сертификатлари, 189 та транспорт бирлигини очиш ва карантин кўриги далолатномаси, 64 та импорт карантин рухсатномаси, 2 минг 924 та зарарсизлантириш далолатномаси электрон расмийлаштирилди.
Ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотлар экспорти 84 минг тонна, импорти 11,5 минг тоннани ташкил этмоқда. Экспорт географияси 16 та давлатни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 1 та (Монголия) давлатга кенгайди. Бунда асосий ташқи бозорлар Россия, Покистон, Қозоғистон ва Афғонистон давлатларига тўғри келмоқда.
Матбуот анжумани давомида мутахассислар томонидан вилоятда янги ташкил этилаётган кооперативларнинг тадбиркорлар учун аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди.

Кооператив – мева-сабзавот маҳсулотларини аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларидан йиғиб, саралаб ва уларни замонавий қадоқланган ҳолда шартнома асосида тадбиркорлик субъектларига сотиш мақсадида жисмоний шахслардан ташкил топган белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган юридик шахслар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентнинг жорий йил 8 апрелда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шу кунга қадар вилоят бўйича 40 та кооператив ташкил этилди.
Уларга замонавий қадоқлаш орқали экспортни ошириш ва жаҳон бозорларини эгаллаш, уруғ танлаш, маҳсулотни тоифага ажратиб баҳолаш орқали фермер, деҳқоннинг энг сифатли, сара маҳсулот етиштиришга ундаш масалалари бўйича қўшимча тавсиялар берилмоқда.
Энг муҳими қишлоқ хўжалиги кооперативлари учун кўпгина имтиёзлар мавжуд. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 2028 йил 1 январга қадар кооперативлар ходимлари учун 12 фоизли ижтимоий ва даромад солиқлари 1 фоиз этиб белгиланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири