Ижтимоий хизматлар сифати янги босқичда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёровнинг Тошкент вилоятидаги мулоқотлари давомида ҳудуддаги ижтимоий ҳимоя тизимини янада ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича ўрганилди. Унга Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мурсултонов ҳамроҳлик қилди.
Мулоқотлар Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-сонли мактаб-интернатдан бошланди. Бу ерда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 159 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Улар учун замонавий таълим муҳитини яратиш, инклюзив ресурс марказини ташкил этиш ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Шунингдек, вилоятда барпо этилаётган қатор ижтимоий объектлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси биноси, аёлларни реабилитация қилиш маркази, “Имкон” реабилитация маркази каби қатор муассасаларнинг қурилиш жараёнлари ва лойиҳалари билан танишилди.

Мулоқотлар давомида Нурафшон шаҳрида кундузги парвариш, реабилитация ва эрта аралашув хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилаётгани таъкидланди. Навбатдаги манзил Оҳангарон шаҳридаги Адолат маҳалласида яшовчи Умид Шералиев хонадони бўлди.

Бу фуқаро давлат таъминотидаги 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, “Ижтимоий реестр”да рўйхатда туради. У ўзгалар парваришига муҳтож ва меҳнатга лаёқатсиз шахс сифатида “Уйда қараб туриш хизмати” билан қамраб олинган. Унинг хонадонида яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ хонадонга энергия тежамкор иситиш мосламаси ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Мулоқот давомида ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Оҳангарон шаҳрида “Мурувват” интернат уйи фаолияти ўрганилиб, мавжуд шароитларни яхшилаш, реконструкция ишларини жадаллаштириш ҳамда хизматлар сифатини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида эса “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида реабилитация хизматлари кўрсатиш самарадорлиги таҳлил қилинди. Шу билан бирга, 7-сонли мактаб-интернатда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича тикувчилик лойиҳаси, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
Мулоқотлар доирасида ижтимоий ходимлар ва супервайзерлар билан очиқ учрашув ўтказилиб, тизим самарадорлигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Фаол ходимларга агентликнинг эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев, ЎзА