Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Учқўрғон тумани бўлими томонидан жорий йил апрел ойига қадар давом этадиган “Алимент ундирув ойлиги” доирасида тарғибот ва тушунтириш тадбирлари, сайёр судлар ўтказилмоқда.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича Учқўрғон тумани суди билан биргаликда бюро биносида ташкил этилган сайёр суд давомида бир қарздор ота масъулиятини ҳис этиб, 18 миллион 500 минг сўм тўлаб берди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2016 йилдаги ижро варақасига кўра, қарздор Ф. У. дан ундирувчи М. М фойдасига 1/4 қисм микдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига олинган ва қарздорга фарзанди моддий таъминотини ҳар ойда тўлаб боришлиги тушунтирилган. Бироқ, турли баҳоналар билан ота мажбуриятини унутиб, алимент тўлашни пайсалга солиб келади. Натижада, қарздорлик шу йилнинг 1 март ҳолатига келиб 18 миллион 500 минг сўмга етади.
Бу бўйича тўпланган маъмурий ҳужжатлар судга юборилди. Ўтказилган суд давомида қарздорга яна бир имконият берилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган шахс ўз боласининг моддий таъминотидан бўлган қарздорликни бартараф этди.
Дарвоқе, мазкур сайёр суд мажлиси мобайнида жами саккиз нафар қарздорга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида” ги кодекснинг тегишли моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.