Қаршида нуронийлар учун маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, айниқса, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойларда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мана шундай тадбирлардан бири Республика Маънавият ва маърифат маркази Қарши шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Қашқадарё вилоят бошқармаси, Маҳалла хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда Нуронийлар жамғармаси Қарши шаҳар бўлинмаси ҳамкорлик қилди.

Мазкур маданий-маърифий тадбир кекса нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, уларни жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишга ундаш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда санъат усталарининг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир доирасида интеллектуал салоҳиятни оширишга қаратилган “Заковат” ўйини ҳам ўтказилди.
Қизғин ва қизиқарли кечган беллашув якунида ғолиб жамоа аниқланиб, барча иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Республика бошқаруви аппарати вакили томонидан маъруза қилиниб, нуронийларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ҳиссаси, маҳалла институтини ривожлантиришдаги фаол иштирокининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири