Қаровсиз жойларни боққа айлантираётган ташаббус ва бундан руҳланган элнинг умумий ҳаракати
Бу йил кузнинг бошланиши менга сал оғир келди. Баъзида руҳий ва жисмоний чарчоқ туфайли тез-тез безовталанадиган бўлдим.
Мендаги бу ҳолатдан яқинларим ҳам ташвишланди. Шу безовталик сабаб маҳалламиздаги яшил ҳудудга сайрга чиқишни одат қилдим. Ҳар куни кечқурун бир ўзим, ҳатто телефонсиз айланаман.
Йўлак бўйлаб юриб, дарахтзор ўртасига келаман. Ҳаммаёқ ям-яшил майса. Йўлаклар четига эса оппоқ ўриндиқлар қўйилган. Уларнинг бирига жойлашаман. Чуқур-чуқур нафас олиб, осмонга термиламан. Бир муддат шу ҳолатда туриб, шу дақиқалардаёқ тетиклик ҳис қиламан.
Аввал танаси бақувват, бир-биридан ким ўзарга ўсишга ҳаракат қилаётган дарахтларга, сўнгра ердаги кўм-кўк майсаларга термилдим. Ернинг юраги ураётгани, дарахтлар эса табиатнинг кечки мусиқасига рақсга тушаётганини ҳис қилдим. Шу пайт ҳозиргина уйқудан уйғонган одам каби тетик эдим. Мен дарахтлар бунчалар одамни сеҳрлаши, куч-ғайрат, соғлиқ, қалб тинчлигини беришини ҳис қилдим.
Шу топда атрофимдан ўтаётган одамлар менга, мен эса уларга эътибор бермасдим. Фақат, фақат мана шундай гўзал, қалин дарахтзор оралаб юриб бораётган одамларга қараб “Телефонингизни уйда қолдиринг, бир зум табиат билан бирга яшанг”, деб чорлагим келарди.
Шу зайлда бир соатча ўтирдим. Ўзим билан ўзим ёлғиз қолиб суҳбатлашдим.
Ҳар куни мана шу дарахтзорга келишни ният қилиб, ўрнимдан турдиму йўлак бўйлаб юра бошладим. Дарахтларни санадим. “... Бир, икки... эллик, эллик бир… тўқсон етти… йўлак бошига етганда саноқдан адашдим.

Эгасиз итлару, бошпанасиз жониворлар макон қурган жой эди
Ишқилиб шу кўчатлар қуриб қолмасин-да!.. Чунки дарахтлар ҳаётимнинг бир бўлагига айланди. Ҳар куни кечки пайт вақтимни дарахт санаш билан бошлайман. Қаерда дейсизми? Мен юқорида тасвирлаган яшил манзил – Бектемир туманидаги “Янги роҳат” кўчасида ташкил этилган боғ. Ушбу боғ 2025 йил 20 март куни президентимиз ташаббуси билан барпо бўлган. Илгари бу ҳудуд чиқиндилар билан тўлган, ташландиқ, тартибсиз, одам юришга қўрқадиган, дайди бошпанасиз жониворлар макон қурган овлоқ жойлар эди. Шу боис катталар ишдан, болалар мактабдан уйларига қайтишда бу кўчани айланиб ўтарди.
Тўғрисини айтсам, ўша пайтда кўпчилик маҳалладошларимизда “Ишқилиб бу дарахтлар кўкариб кетармикан, деган ҳадикли савол бор эди. Ахир қаровсиз жойда гиёҳ ундиришнинг ўзи бўладими?
Мана орадан бир ярим йил ўтиб, кўчатларнинг кўплари атрофга соя-салқин берадиган дарахтларга айланди. Уларга назар солган одам яхши парваришланаётгани, ҳар бир туп дарахт эътиборда эканига гувоҳ бўлади.

Нега одамлар табиатга зўравонлик қилишади?
Бугун юртимиз далаларига, кўчаю хиёбонларга экилган ҳар бир туп дарахтнинг келажаги ҳақида қайғурадиган, унга ғамхўрлик қилиб, парваришлаётган инсонлар бор. Кексаларимиз бежизга янги ниҳолни ёш болага қиёслашмайди ахир.
— Бектемир туманидаги Сувсоз даҳасида ташкил этилган ушбу яшил ҳудудга кўпроқ манзарали дарахтлар экилган, – дейди Бектемир тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Олмосбек Шодмонов. – Шумтол, оққайин, эман, арча, тез ўсувчи терак, игна баргли, доим яшил бўлиб турувчи ва ҳавони тозаловчи шифобахш дарахт ҳамда буталар бор. Биз дарахтларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ёндашиб, парваришлашга ҳаракат қиляпмиз. Улар асосан сунъий суғориш тизими орқали суғорилади. Мавсумий ҳашаротларга қарши биологик кимёвий кураш чоралари кўрилади. Баҳор бошланиши билан агротехник тадбирлар, дарахтларни ёшартириш ишлари олиб борилади. Ёз ойларида ҳар куни эрталаб ва кечки салқинда суғорилади.
Аммо бизни хафа қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ҳамма ҳам шундай яшилликнинг қадрига бирдек етавермайди. Аҳоли томонидан кўпроқ сунъий суғориш тизимига зарар етказилади. Айрим одамларнинг кучуклари суғориш тизимини узиб юборади. Айниқса, ёз ойларида ичимликдан бўшаган чиқиндиларини, егуликдан ортган қолдиқларини кўм-кўк майсазорга ташлаб кетишади.

Атрофимиздаги яшил олам, гўзал табиат ким учун қилиняпти?
Давлатимиз раҳбари мана шу хайрли ишларнинг бошида ўзлари турибдилар. Матбуот саҳифаларига кўз югуртираман. Бу ҳақда маълумотлар, фотосуратлар жуда кўп. Президентимиз чиқишларида юртимизни яшил ҳудудга айлантириш ҳақида куюниб гапиради. Яшиллик оламини кўпайтириш ва асраш масаласини тегишли қарор ва фармонлар билан мустаҳкамлаб қўймоқда.
Давлат раҳбари шунча вазифалардан вақт ажратиб, бизни табиатга яқинроқ бўлишга ундаяптилар. Демак, биз ҳам шунга муносиб жавоб берайлик. Ахир, атрофимиздаги яшил олам, соя салқин дарахтлар, гўзал табиат ким учун бўлмоқда? Ўзимиз учун! Келинглар, ҳар биримиз ана ўша яшилликни асраш, янада кўпайтириш учун астойдил ҳаракат қилайлик.
Нигора Раҳмонова, ЎзА