Кўпчилик, айниқса судларга иши тушган кишилар яхши биладики, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 26-бобига асосан судда ишлар «сиртдан иш юритиш тартибида» кўрилиши мумкин. Бу тоифа ишлар афсуски, фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Чунки ФПКнинг 280-моддасига мувофиқ, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Шу асосда кўп эътибор талаб ёки баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган «сиртдан иш юритиш тартиби» белгиланган ФПКнинг 26-боби ва унда белгиланган айрим нормалар ҳамда суд амалиётидан келиб чиқаётган вазиятларга эътибор қаратсак...
ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ...
Суд амалиётда сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорларининг 1 фоизидан сал кўпроқ қисмига нисбатан «сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза» берилади.
Берилган бундай аризаларнинг кўриб чиқилиши натижасида сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш мазмунан жавобгар иштирокида қайта кўриб чиқилганда ҳам катта эҳтимол билан уларнинг 98 фоиз қисмида дастлабки, яъни сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори мазмуни ўзгармай қолади ёки худди сиртдан қабул қилинган қарор мазмунидаги каби янги қарор қабул қилинаётганини кўриш мумкин.
Демак, ФПКда белгиланганидек, агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга қайтадан суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.
Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни "сиртдан иш юритиш" тартибида кўради.
Иш "сиртдан иш юритиш" тартибида кўрилганида суд ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарорини чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган, деб аталади.
Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд ишни "сиртдан иш юритиш" тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси даъво талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун кейинга қолдирилади.
Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш "сиртдан иш юритиш" тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим.
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафларга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади. Ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса у электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга қарор қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Шу ўринда «Сиртдан иш юритиш тартиби» белгиланган ФПКнинг 26-боби ва унда белгиланган нормалар ҳамда суд амалиётини таҳлилига кўра, менда "қарор ҳам сиртдан бўлама, жавобгар кўнгли тўлама, жавобгар кўнгли тўлмаса, даъвогардан қочиб юрама" ёки "жавобгар судни сиртдан қарор чиқаришини кутиб, низони чузиб юрама", деган каби қуйидагича мантиқий, адолатли, қонуний, холис, АКТ замонига мос ва хос бир қанча саволлар ва мушоҳадалар пайдо бўлди.
ХОЛИС САВОЛ...
Аслида «сиртдан иш юритиш тартиби»да кўрилган ишларда тарафларнинг эътирозлари нимада?
Гапнинг пус калласи даъвогар ишни жавобгар келмаса ҳам унинг иштирокисиз кўриб чиқишни сўраса, бунинг натижасида даъвогар тезроқ қарорни кучга кириши ва бузилган ҳуқуқини тезроқ тиклашни истайди.
Жавобгар эса, кўп ҳолларда судда иштирок этмагани асосида сиртдан чиқарилган қарорни бекор қилиб, вақтни чўзиш орқали ўзида тўлов имкониятларини қидиради. Айрим ҳолларда эса сиртдан чиқарилган қарорни бекор қилиш ва ишни мазмунан қайта кўриш жараёнида даъвогар билан медеатив келишувга ёки даъвогарни даъвони кўрмасдан қолдиришга ундаш орқали шундай ҳам ортиқча юк бўлаётган давлат божини тўламасликка эришишни мақсад қилади.
МАНТИҚИЙ САВОЛ...
– Қарор ҳам сиртдан чиқариладими?
– Ҳа қарор сиртдан чиқарилади. ФПКнинг 26-бобида белгиланган. Шу билан бирга – йўқ! Қарорга келишга сабаб бўлган хулоса сиртдан ёки юзаки, бор маълумотлар асосида, деб талқин этилмаслиги керак.
– Жавобгар сиртдан чиқарилган қарордан рози бўладими?
– Албатта, рози бўлмайди-да, чунки иш жавобгарнинг иштирокида кўрилмайдику, ҳурматини билган ҳар бир киши судга таклифнома олмаганидан хафа бўлади.
– Унда нега, сиртдан чиқарилган қарорларнинг фақат 1 фоизини бекор қилиш тўғрисида жавобгарлар судга ариза беришади, қолганлари-чи?
– Чунки жавобгарларнинг катта қисми даъво киритилганлигини билгач, кредиторлар олдида мажбурияти борлигини, шунингдек, ариза берган тақдирда ҳам бари-бир мажбуриятни бажариш лозимлигини тушуниб етишади. 1 фоиз ҳолатларда давлат божини тўламаслик ёки ҳақиқатда ҳам кредитор олдида ҳеч қандай мажбурияти бўлмаган шахсларга ҳам даъво киритилган бўлиб чиқади ёки форс-мажор...
– Адолат ва қонун ҳам сиртдан қўлланиладими?
– Айнан сиртдан иш юритиш тартибида ишларни кўришда, бир қарашда шундай туюлади, лекин адолат ва қонун сиртдан қўлланмайди. Фақатгина иш жавобгарга нисбатан сиртдан кўрилгани ва суд чиқарган ҳал қилув қарорда ҳам қарорнинг номида ҳамиша сиртдан кўрилгани қайд этилади.
– "Сиртдан" деган ҳал қилув қарорини ёки бундай "сиртдан иш юритиш" тартибини ишни "жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқиш", деб атаса бўлмайдими?
– Йўқ, асло ундай дея кўрманг, чунки биринчидан, кўпчилик "машойих"ларимизнинг фикрича, нормани бундай ёзиш ғализликни келтириб чиқаради. Норма аниқ, тушунарли бўлмоғи лозим, дейишади улар.
Иккинчидан, бу норма МДҲ ва бошқа давлатларда ҳам бор, ахир улар ҳам "бир балони" билмаса шундай деб ёзмайди-ку. Бу нормани сўзма-сўз, тўғридан-тўғри кўчириб қўйганмиз, шуниси маъқул бўлган. Бари-бир ушбу нормани биз ижод қилмаганимиздан кейин кодексни ҳа деб ўзгартириш ҳам мақсадга мувофиқ эмас, деб таъкидлашади улар қатъий оҳангда.
– Нега иш қўзғатилиб, чақиртирилган жавобгар бир ой, қирқ-қирқ беш кун муддатда судга келмаса-да, унга яна 15 кун сиртдан қабул қилинган қарорни бекор қилишга имкон яратилиши керак? Бунинг ўрнига тўғридан-тўғри апелляция тартибида шикоят берилса бўлмайдими?
– Бу ҳозиргача ўрнатилган амалиёт, одамлар овора бўлмасин, биринчи инстанцияни ўзи кўриб чиққани яхши-да, апелляция шикоятлари ҳам кўпаймайди. Агар жавобгарнинг эътирозлари асосли бўлса, суд ўз қарорини ўзи бекор қилгани, қолаверса, судни ҳурмати ҳа деб шу "сиртдан иш юритиш" тартибига тақалиб қолмаганку тўғрими?..
– Маълумотларга кўра, сиртдан кўрилаётган фуқаролик ишларининг 90 фоизидан ортиғини кредит, қарз ва бошқа хизмат кўрсатишга оид шартномалардан келиб чиққан низолар ёки мажбурий тўловларни ундириш ҳақидаги даъволар ташкил этмайдими?
– Албатта, шундай никоҳ ва айрим оилавий ва бошқа низоларнинг сиртдан иш юритиш тартибида кўрилишига йўл қўйилмайди. Шундай экан, кредит, қарз ва бошқа шу каби хизмат кўрсатишга оид шартномавий муносабатлардан келиб чиққан низоларда кўпроқ кредитор томоннинг манфаатларини ўйлайвериш керакмас. Ахир ижтимоий гуманитар қарашлар ҳам бор-да, биз қарздор ва жавобгарларнинг манфаатини ҳимоя қилишимиз муҳим, кредитор яна бир оз ҳуқуқи тикланишини кутиб қолса, камайиб қолмайди. Пеня, суд қарори ижро бўлмагани учун яна пеня ундириб олаверади. Биздан нима кетди?..
– Нега қарздорга кредитор олдидаги мажбуриятини чўзишга яна 45 кун (ариза бериш+ариза қаноатлантириб ишни кўришни бошқа кунга тиклаш + 10 кун+ қайтадан қабул қилинган қарорни кучга кириши + 1 ой) қўшимча расмиятчилик учун вақт берилиши лозим?
– Чунки, жавобгарнинг ҳуқуқини ҳам тиклаш лозим, у ҳам судда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ўзи ёки вакили орқали айнан суд мажлисларида ҳимоя қилиши муҳим, гарчи ютқазса ҳам вақт бу борада жуда муҳим масала эмас ва ҳоказо.
АКТ ЗАМОНИГА МОС ВА ХОС САВОЛ...
– Бугунги АКТ тараққий этган замонда ривожланган давлатлар каби жавобгарни судга чақиришнинг мукаммал тизимини яратиш ёки уйида туриб судда иштирокини таъминлашнинг видео-конференц алоқага ўхшаш бошқа муқобил воситалар орқали суд юритиш асосида ишни сиртдан кўриш тартибини тугатса бўлмайди?
– Бўлади, албатта суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизда ҳам АКТ технологияларидан кенг фойдаланиш, масофавий суд ва ҳоказолар изчиллик билан имплементация қилинмоқда, лекин вақт керак. Юқорида таъкидланганимиз каби жавобгар бўлган иккинчи томоннинг ҳам ҳуқуқи муҳим-да. Бунинг муҳимлиги бугун пайдо бўлгани йўқ, 50-60 йилдан бери шундай. Бозор талабларига асосланган ҳуқуқий демократик тамойиллар – адолат ҳуқуқи ва қонун сўзсиз устуворлиги тамойилини мукаммал қўллаш ҳам мумкиндир балки.
Яъни, асосий эътиборни процессуал нормаларни такомиллаштиришга – судда тарафлар иштирок этган-этмаганига эмас, балки моддий ҳуқуқни – ҳар қандай шароитда адолат ва қонунни сўзсиз қўллашнинг яхлит, тарафларнинг ҳеч бирига ҳеч қандай имтиёз бермасдан низони ҳал этадиган тизимни ҳаётга, амалиётга тезроқ татбиқ этиш зарур.
Судларда "сиртдан иш юритиш тартиби" жавобгарга имкон яратиш учун хизмат қилиши зарур ёки низонинг чўзилмаслигига хизмат қилади, дея фикрлайдиганлар бугунга келиб адашади, бу фикр ўзини оқламайди.
Негаки, АКТ замони жуда тез ўзгармоқда, дунё ақллари беллашув даври шароитида яшамоқда. Ҳар бир иш ёки ҳар бир ўрнатилган тартиб-тамойил, ўзининг бераётган натижасига қараб баҳоланиши керак. Шунингдек, баландпарвоз ва самарасиз тартиб-тамойиллардан холи бўлиш давр талабига айланди.
ХУЛОСА ҚИЛИШ МУМКИНКИ...
Биринчидан, юртимизда низоларни судгача ҳал этиш механизмини такомиллаштириш орқали судларда "сиртдан иш юритиш тартиби"га барҳам бериш, бу – соҳадаги кўплаб тушунмовчилик ноқулайликларга ва асосийси, мантиқсизликка барҳам беради.
Иккинчидан, судлар фаолиятига АКТ, айнан тарафларнинг судда иштирокини таъминлашга ёки уларни суд мажлиси ҳақида хабардор қилишнинг мукаммал техник тизимини яратиб "сиртдан иш юритиш" деган ғализ тартиб-тамойилни тугатиб, қарор қонуний бўлади, десак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Зеро, одил судловнинг мақсад ва вазифалардан бири ҳам қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.
Нуриддин МУРОДОВ,
ФИБ Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари