
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 3 минг 400 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ва 383 та ичимлик ва оқова сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда 353 та объектнинг лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда ва бир вақтнинг ўзида қурилиш-монтаж ишлари бошланган. Ушбу дастурлар доирасида қурилиш-монтаж ишлари жорий йилнинг август ойи охиригача якунланиб, объектларни фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Натижада 963 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 673 мингдан ортиқ аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади.
2021 йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш юзасидан 530 объектда 5910,2 километр узунликдаги ичимлик сув тармоғи ва 559 та иншоотда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, жорий йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича жалб қилинган барча манбалар ҳисобидан шакллантирилган манзилли рўйхат асосида 2 триллион 239 миллиард сўм, шу жумладан, инвестиция дастури доирасида 1 триллион 155 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши белгиланган.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш жараёнида шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра, инвестиция дастури доирасида йилдан-йилга ўтувчи 81 та объектнинг манзилли дастури тасдиқланиб, 251 миллиард сўм миқдоридаги маблағ молиялаштирилди. 295 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 327 километр узунликдаги ичимлик ва 44 километр оқова сув тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. Янгидан бошланадиган 82 та объектнинг 78 тасида лойиҳа-смета хужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинди. Шунингдек, 4 та объектнинг лойиҳавий ечимлари мураккаблиги сабабли лойиҳалаш ишлари 15 майга қадар якунланиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА