Қандай ҳолларда картага пул кирим қилишда комиссия олинмайди?
Марказий банкнинг маълум қилишича, жорий йил 10 апрель ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан банк карталарига нақд пул маблағларини кирим қилиш хизматлари янада кенгайтирилди. Бугунги кунда фуқаролар банк карталарини тижорат банкларининг кассалари, банкоматлари ҳамда ADM қурилмалари орқали осон ва тез тўлдириш имкониятига эга.
Банк карталарига нақд пул маблағларини киритишнинг бир нечта қулай усуллари мавжуд. Хусусан, карталарни банк кассаси орқали, банкоматлар орқали, ADM (нақд пул қабул қилувчи автомат қурилмалар) орқали тўлдириш мумкин.
Ушбу хизматлар аҳоли учун молиявий операцияларни тезкор амалга ошириш, нақд пул билан боғлиқ хавфларни камайтириш ва нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини оширишга хизмат қилмоқда.

Қайд этилишича, эмитент банк — бу банк картасини чиқарган тижорат банки ҳисобланади. Кўпчилик ҳолларда эмитент банклар ўз мижозларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида карталарни тўлдириш хизматларини банкнинг ўз кассалари орқали, банкнинг ўз банкоматлари орқали — банкнинг ўз ADM қурилмалари орқали комиссия тўловисиз тақдим этади.
Бу эса фуқаролар учун ортиқча харажатларни камайтириш ва банк хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштириш имконини беради.

Банк карталарини тўлдириш хизматларининг кенгайиши нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, молиявий шаффофликни таъминлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мазкур имкониятлар фуқаролар учун молиявий хизматлардан фойдаланишни янада қулайлаштириб, иқтисодиётда замонавий тўлов тизимларининг кенг жорий этилишига хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА