Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга биноан фуқаролар фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилганда айрим давлат божларидан озод этилади. Хусусан, даъвогарлар иш ҳақини ундириш тўғрисида даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатидан келиб чиқадиган талаблар юзасидан мурожаат қилганларида. Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов батафсил тушунтириш берди.
– «Давлат божи тўғрисида»ги қонун 8-моддасига кўра, алимент ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан, меҳнатда майиб бўлганлиги, соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан, қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан судга мурожаат қилишганда давлат божи тўловидан озод бўлади.
Шунингдек, жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан, юридик ва жисмоний шахслар алиментларни ундиришга доир фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун, бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар ҳам давлат божи тўловидан озод бўлади.
– Қандай ҳолларда маъмурий судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилса бўлади?
– Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги қонун 10- моддасига биноан қуйидагилар маъмурий судга мурожаат қилганда давлат божидан озод этилади.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божидан озод этилади.
Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, прокуратура, адлия органлари давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахслар давлат ижрочисининг ҳаракатлари устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича, мулкдорлар – хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, тарафлар – муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги ишлар юзасидан ҳамда педагог ходимлар – касбий фаолиятини амалга ошириш давомида педагог ходимларнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда ҳам давлат божидан озод этилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун «Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун 21-моддасига биноан палатанинг ҳуқуқлари сирасига палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА